“Ўлим зонаси”га тушиб қолдик”. “Новая газета” 30 йиллик фаолиятини тўхтатмоқда
Олам
−
18:14 434 2 дақиқа
Россиянинг “Новая газета” нашри 30 йилдан ортиқ фаолиятидан сўнг ишини тўхтатмоқда. Таҳририят жорий йилнинг 9 ноябрь куни офисини тарк этиб, серверларни ўчиришини маълум қилди. Бу ҳақда нашрнинг расмий сайтида эълон қилинган баёнотда айтилган.
“Таҳририятимиз йўқ қилинди. 9 ноябрь куни 30 йиллик уйимиздаги чироқларни ўчириб, серверларни ёпамиз ва бу ердан кетамиз. Газета ўз фаолиятини тугатмоқда. Россия ҳукумати ва махсус хизматлари бизни ишни тўхтатишга мажбур қилди. Мамлакат ва унинг фуқаролари билан бирга ўтган 30 йилдан ортиқ ҳаётимиз энди бошпанасиз, тирикчилик учун маблағсиз ва доимий таъқиблар хавфи остида якунланмоқда”, дейилади баёнотда.
Бунга қадар, 29 октябрь куни “Новая газета” таҳририяти Москва марказидаги Потаповский тор кўчасида жойлашган офисига эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлаётгани маълум бўлган. Нашр ушбу бинода 29 йил давомида фаолият юритган.
Таҳририят сўнгги йилларда, деярли беш йиллик уруш давомида, “махсус хизматларнинг тўлиқ қуршовида” ишлаганини таъкидлаган. Бу даврда нашр сайтлари блокланган, газетанинг оммавий ахборот воситаси сифатидаги рўйхатдан ўтиши бекор қилинган.
Шунингдек, нашр бош муҳаррири, Тинчлик бўйича Нобель мукофоти лауреати Дмитрий Муратовга ҳужум қилинган ва у “хорижий агент” деб эълон қилинган. Газета журналистлари ҳам ушбу рўйхатга киритила бошланган.
Бундан ташқари, Чеченистонда “Новая газета” мухбири Елена Милашина калтакланган, журналист Олег Ролдугинга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Таҳририят биноси ва бош муҳаррир Сергей Соколовнинг хонадонида тинтувлар ўтказилган.
“Мана энди ҳаммаси тугади. Биз “ўлим зонаси”га тушиб қолдик. Бу фақат бизнинг шахсий тарихимиз эмас, балки мамлакат ва жамиятнинг ҳам тарихидир. Биз шу йиллар давомида айнан шу ҳақда ёздик. Имконимиз борича. Бизни эшитган барчага раҳмат”, дейилади нашр баёнотида.
Маълумот учун, Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин, 2022 йилда “Новая газета”нинг босма нашри тўхтатилган. Ўша йили Россиянинг Басманний суди газетанинг ОАВ сифатидаги лицензиясини бекор қилган. 2026 йил сентябрида эса нашр “хорижий агент” деб эълон қилинган.
Live
Барчаси