Москвада ўзбекистонлик йигит зўрлашда гумон қилинмоқда
Олам
−
30 Октябрь
6926Россиянинг Москва шаҳри Таган туман суди боғда қизга тажовуз қилиб, уни зўрлашга уринганликда айбланаётган Ўзбекистон фуқароси М.Х.ни ҳибсга олди. Бу ҳақда “Lenta.ru” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, эркак икки ойга, яъни жорий йилнинг 26 декабригача тергов изоляторида сақланади. Унга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 30-моддаси 3-қисми, 131-моддаси 1-қисми (Зўрлашга уриниш), 132-моддаси 1-қисми (Жинсий характердаги зўравонлик ҳаракатлари) ва 161-моддаси 2-қисмининг “г” банди (Ҳаёт ёки соғлиқ учун хавф туғдирмайдиган зўравонлик ишлатиш ёки бундай зўравонлик билан таҳдид қилиб талончилик қилиш) бўйича жиноий иш очилган.
Россия Тергов қўмитасининг Москва бўйича бошқармасининг маълум қилишича, М.Х. Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади. Жорий йилнинг 25 октябрь куни кечқурун у Москвадаги боғда илгари таниш бўлмаган қизга тажовуз қилиб, унинг қўлидан телефонини тортиб олган. Шундан сўнг, у жабрланувчига жинсий характердаги зўравонлик ҳаракатларини амалга ошириб, уни зўрлашга уринган. Полиция ходимлари уни воқеа жойида қўлга олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри Невский туманида олти ёшли қизни уриб юборган ўзбекистонлик ҳайдовчига нисбатан жинсий зўравонлик моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган эди.