Москвада мигрантлар белкурак ва таёқлар билан оммавий муштлашди (видео)
Олам
−
25 Октябрь 2025 17107 2 дақиқа
Россиянинг Москва шаҳридаги Прокшино тураржой мажмуасида таёқ ва белкурак билан қуролланган мигрантлар ўртасида оммавий муштлашув содир бўлди. Буни Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва бўйича бош бошқармаси ҳам тасдиқлади.
Тармоқларда тарқалган видеода уларнинг таёқ, белкурак ва йўл белгилари туширилган устунлардан фойдаланиб урушаётганини кўриш мумкин. Коммунарка туманида бир гуруҳ одамлар ўртасида низо келиб чиққани ҳақида полицияга фуқаролардан хабар келиб тушган.
“Ҳозирда воқеа жойида Москва полицияси ходимларидан иборат кенг қамровли гуруҳ ишламоқда. Ҳодиса сабаблари, иштирокчилари ва қўзғатувчилар аниқланмоқда. Ушбу суриштирувлар натижаларига кўра, тергов ўтказилади, шундан сўнг полиция қонунга мувофиқ қарор қабул қилади”, дейилади хабарда.
Гувоҳларнинг хабар беришича, ишчилар тураржой мажмуаси атрофида таёқ кўтариб югуриб, уларни бир-бирига улоқтирган. Маҳаллий аҳолидан бирининг сўзларига кўра, можаро бир кун аввал бошланган бўлса, бугун у тўлиқ тўқнашувга айланган. Гумонланувчилар ишлаб чиқарувчининг пудратчилари ва хусусий таъмирчилар вакиллари бўлиб, улар кўпинча мигрантларга ўз хизматларини таклиф қилади. Аҳоли можарони мижозлар учун рақобат билан боғлаган.
Хабарда мигрантлар қайси давлатдан экани ҳақида маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Приморск ўлкасида жойлашган Арсеньев шаҳридаги қурилиш майдонида Шимолий Корея ва Ўзбекистон фуқаролари ўртасида муштлашув содир бўлган эди. Қолаверса, Россиянинг Красноярск шаҳри Ленинский туманидаги қурилиш ташкилоти ходимлари, яъни ўзбекистонликлар ва хитойликлар ўртасида жанжал келиб чиққанди.
Жорий йилнинг 26 август куни эса Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри яқинидаги Янино-1 аҳоли яшаш пунктида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ўртасида йирик жанжал юз берганди. 16 сентябрь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги қурилиш майдонида томни таъмирлаш ишлари ва қурилиш материаллари бўйича келиб чиққан келишмовчилик ортидан марказий осиёлик мигрантлар ўртасида оммавий муштлашув содир бўлганди.