Россиядаги қурилиш майдонида марказий осиёлик мигрантлар муштлашди
Олам
−
18 Сентябрь 2025 6935 2 дақиқа
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги қурилиш майдонида томни таъмирлаш ишлари ва қурилиш материаллари бўйича келиб чиққан келишмовчилик ортидан марказий осиёлик мигрантлар ўртасида оммавий муштлашув содир бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Ленинград Бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Лиговск проспектидаги 44-уй ҳовлисида бир неча киши ўртасида муштлашув бўлаётгани ҳақида туман Марказий полициясига мурожаат тушган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари воқеа жойидан маҳаллий аҳолининг бир вакили ҳамда 21-41 ёш оралиғидаги Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқароси бўлган 11 кишини полицияга олиб борган.
Шу пайтда мигрантлардан бири машина билан қочишга уринган ва патруль-пост хизмати ходимини уриб юбориб, унинг тирсак бўғимини шикастлаган. Бироқ у бир неча дақиқа ичида қўлга олинган.
“Полициянинг аниқлашича, Лиговск проспекти, 44-уйдаги қурилиш объекти ҳудудида ишчилар ўртасида томни таъмирлаш ва ишлатиладиган материаллар юзасидан келишмовчилик чиққан. Келишувга эришолмагач, мутахассислар оғзаки баҳсдан очиқ тўқнашувга ўтиб, металл ва ёғоч таёқлардан фойдаланган”, дейилади хабарда.
Полицияга олиб борилганлардан 8 нафари миграция қонунчилигини бузганлик учун, тўрт нафари, жумладан, маҳаллий аҳоли вакили майда безорилик учун маъмурий жавобгарликка тортилган.
Қўшимча текширув давомида воқеа жойи ва унинг атрофи, шу жумладан, чордоқ ва подвалларда олиб борилган тинтув чоғида яна 7 нафар хорижлик ишчи қўлга олинган. Улардан икки нафари миграция қонунини бузганлиги учун, қолганлари эса майда безорилик учун маъмурий жазога тортилган.
Ҳозирда муштлашув бўйича безорилик моддаси асосида жиноят иши қўзғатилган. 8 киши гумондор сифатида сўроқ қилиниб, ҳибсга олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Санкт-Петербург шаҳри яқинидаги Янино-1 аҳоли яшаш пунктида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ўртасида йирик жанжал юз берган эди. Икки давлат фуқаролари ўртасидаги можаро қурилаётган болалар боғчаси яқинида бошланган ва қисқа вақт ичида оммавий муштлашувга айланиб кетган.
Live
Барчаси