Москва яна Украина дронлари ҳужумига учради (видео)

Олам

image

Бугун, 14 март куни эрталаб Москва вилояти осмонида учта дрон уриб туширилди – иккитаси Балашиха устида, биттаси эса Ленинский туманининг “Жанубий Битца” микрорайонида. Бу ҳақда Москва вилояти губернатори Андрей Воробёв ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

Воробёвнинг сўзларига кўра, Балашиха устида уриб туширилган дронлардан бирининг парчалари Измайлово микрорайонидаги қурилиш майдончасига (Демин Луг кўчаси ҳудудида) тушган. Иккинчи дрон эса Железнодорожний микрорайонида, Свобода кўчаси яқинида йўқ қилинган. Учинчиси Жанубий Битца микрорайонида уриб туширилган бўлиб, унинг парчалари ҳали фойдаланишга топширилмаган кўп қаватли уйнинг биносига тушган.

“Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар йўқ. Ҳозирда ҳодиса жойларида тезкор хизматлар ишламоқда”, деб ёзди Воробёв.

Бундан олдин Москва мери Сергей Собянин пойтахт томон учаётган тўртта дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берган. Бир қатор нашрлар Москвада жанубий ва ғарбий ҳудудлардаги турар-жойларга зарар етганини, шунингдек, Янги Москва ҳудудидаги коттеж шаҳарчасига дрон парчалари тушганини хабар қилган.

Ҳужум сабаб эрталаб Внуково ва Калуга аэропортларида бир соатдан ортиқ вақт давомида парвозлар чекланган. Чекловлар Москва вақти билан 07:27 да бекор қилинган. Шундан сўнг Калуга вилояти губернатори Владислав Шапша Обнинск шаҳри чеккасида яна бир дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берган. Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар ва зарар кўрганлар йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 11 мартга ўтар кечаси Москва ва унга яқин ҳудудлар энг йирик дрон ҳужумларидан бирига учраган эди. Ушбу ҳужум оқибатида Москва вилоятида уч киши ҳалок бўлиб, яна 20 киши жароҳатланган. Россия Мудофаа вазирлиги ўша кеча бутун мамлакат бўйлаб 343 та дронни, жумладан, Москва вилояти устида 91 та ва Курск АЭС яқинида 6 та дронни йўқ қилинганини маълум қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Москва Украина дрон ҳужум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг