Украина дронлари Москвага оммавий ҳужум уюштирди. Қурбон бор (видео)

Олам

image

Россиянинг Москва шаҳри ва унинг атрофига Украина дронлари оммавий ҳужум уюштирди. Оқибатда 1 киши ҳалок бўлди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари 65 та дронни уриб туширган. Бу ҳақда шаҳар мэри Сергей Собянин ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. 

“Мудофаа вазирлиги дронларнинг оммавий ҳужумини қайтаришда давом этмоқда”, деб ёзди Собянин.

Дастлабки олти дроннинг уриб туширилгани ҳақида Москва мэри Москва вақти билан соат 04:35 да маълум қилган. Шундан сўнг яна ўнлаб дронлар йўқ қилинган. Уларнинг бир қисми Раменское ва Домодедово ҳудудларида уриб туширилган. Собяниннинг сўзларига кўра, Москвадаги Домодедово кўчасида уй томи дрон қолдиқлари тушиши оқибатида зарар кўрган. Шу боис, Жуковский ва Домодедово аэропортларида парвозлар чекланган.

“Домодедово темирйўл станцияси орқали ҳаракатланиш тўхтатилган – Москвага шаҳрига ҳам, вилоят томонга ҳам. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида Домодедово аэропортида фуқаролик авиалайнерларини қабул қилиш ва жўнатишга вақтинчалик чекловлар киритилди”, деб ёзди Домодедово раҳбари Евгения Хрусталёва.

Москва вилояти губернатори Андрей Воробьевнинг сўзларига кўра, Видное ва Домодедово шаҳарларига дрон ҳужуми вақтида бир киши ҳалок бўлган, яна уч киши жароҳат олган. Унинг айтишича, Раменкода дрон қолдиқлари кўп қаватли уйга тушиб, 19-дан 22-қаватгача бўлган бир неча квартираларга зарар етказган. Тўққиз нафар катта ёшли фуқаро ва уч нафар бола эвакуация қилинган, улар қариндошлари ва қўшни гимназияда жойлаштирилган. 

Шунингдек, Рязань ва Тула вилояти расмийлари ҳам дрон ҳужумлари қайтарилгани ҳақида хабар берган. Белгород губернатори Вячеслав Гладковнинг айтишича, дронлар вилоятнинг бир қанча ҳудудларига ҳужум қилган. Хусусан, Красная Яруга қишлоғида электр узатиш линиялари зарар кўрган, Валуйки шаҳрида уй ёниб кетган, Гороврон тумани, Доброе қишлоғида бир хусусий уй ва тўртта автомобилга зарар етган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия қўшинлари Донецк вилоятидаги Доброполье шаҳрига зарба бериши оқибатида 11 киши ҳалок бўлган ва яна 30 киши жароҳат олган эди. Зарба оқибатида саккизта беш қаватли ва бир маъмурий бино, қолаверса, 30 та автомобиль зарар кўрган. Яшаш жойларида ва маъмурий бинода ёнғинлар юзага келган. Ёнғинларни ўчириш давомида дрон билан яна бир зарба берилган, оқибатда ўт ўчириш машинаси шикастланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Москва Украина дрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг