Россия яна Донецкка ҳужум қилди. 10 дан ортиқ одам ҳалок бўлди (видео)

Олам

image

Кеча, 7 март куни Россия қўшинлари Донецк вилоятидаги Доброполье шаҳрига зарба бериши оқибатида 11 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Украина раҳбари Владимир Зеленский ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди. 

Президентнинг маълум қилишича, зарба оқибатида камида 11 киши ҳалок бўлган ва яна 30 киши жароҳат олган.

“Ўзимнинг чуқур ҳамдардлигимни қурбонларнинг оилалари ва яқинларига изҳор қиламан”, деган Украина раҳбари.

Зарба оқибатида саккизта беш қаватли ва бир маъмурий бино, қолаверса, 30 та автомобиль зарар кўрган. Яшаш жойларида ва маъмурий бинода ёнғинлар юзага келган. Ёнғинларни ўчириш давомида дрон билан яна бир зарба берилган, оқибатда ўт ўчириш машинаси шикастланган.

Қайд этилишича, Россия қўшинлари Донецк вилоятидаги аҳоли пунктларига 26 марта қасддан зарар етказган. Фронт чизиғидан 485 киши, жумладан 6 бола эвакуация қилинган. Қолаверса, Зеленский ушбу ҳужумда зарар кўрган аҳолига ёрдам бераётган ходимларга ўз миннатдорлигини билдириб ўтган.

“Фавқулодда хизматлар, полиция, ДХХС, тиббиёт ходимларига катта раҳмат, улар қайта зарбалар хавфига қарамасдан, одамларни бу терроризмдан қутқариш учун ўз ҳаётларини хавф остига қўймоқда. Ҳаётни ҳимоя қилиш учун курашаётган ҳар бир кишига миннатдорлик билдираман”, дея ёзади Зеленский.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 март куни Россия армияси Украинанинг Кривой Рог шаҳридаги меҳмонхонага ракета зарбаси йўллаганди. Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумотларига кўра, ракета беш қаватли меҳмонхонага бориб тушган. Оқибатда 2 киши ҳалок бўлган, 29 киши жароҳатланган. Улар орасида бир бола ҳам бор. Жуда оғир аҳволда бўлган 20 киши шифохонага ётқизилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Зеленский Донецк

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг