Москва миллиардерлари сони бўйича дунёда 2-ўринга чиқди
Бу қизиқ
−
04 Апрель 9786 2 дақиқа
Россия пойтахти Москва Гонконгни ортда қолдириб, АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридан кейин дунёда миллиардерлар энг кўп яшайдиган иккинчи шаҳар бўлди. “Forbes” бу ҳақдаги янгиланган рейтингни эълон қилди.
Бир йил ичида Москвадаги бойлар сони 16 кишига кўпайган (шундан 11 нафари – “янги келганлар”). 2025 йил 7 март ҳолатига кўра, шаҳардаги миллиардерлар жами 90 нафарни ташкил этган. Уларнинг умумий бойлиги 409 млрд долларни ташкил этади. Бу бир йил аввалгига қараганда 31 млрд доллар кўп. Шу билан бирга, дунё бўйича барча миллиардерлардан иборат умумий бойлик 3,3 трлн доллар деб баҳоланган. Москвадаги энг бой одам – нефть магнати Вагит Алекперов (28,7 млрд доллар). Бу маблағнинг ярмидан кўпи “Лукойл”даги улушига тўғри келади – 2024 йилда Алекперов ундан 2 млрд доллардан ортиқ дивиденд олган. Олигархнинг бойлиги йил давомида 100 млн долларга ортган, гарчи у 2022 йил апрелида Буюк Британия ва Австралия санкциялари туфайли “Лукойл” президенти лавозимини тарк этган бўлса ҳам.
Миллиардерлари сонининг кескин ўсиши туфайли Москва ўтган йили биргаликда иккинчи ўринни бўлишган Гонконгни ортда қолдирган. Бу сафар Гонконг учинчи ўринни эгаллаган – у ерда 72 нафар миллиардер бор. Рейтингнинг доимий етакчиси Нью-Йорк – бир йил ичида 13 та янги миллиардерга эга бўлган. Эндиликда шаҳарда 123 нафар миллиардер яшайди. Уларнинг умумий соф бойлиги 759 млрд долларни ташкил этади. Энг бадавлат нью-йорклик – Майкл Блумберг (105 млрд доллар).
2024 йилда бутун Россияда миллиардерлар сони ғарб санкцияларига қарамай 125 нафардан 146 нафарга ошган. Бу рақам дунёнинг энг бой тадбиркорлари рейтинги тарихидаги рекорд кўрсаткич бўлган. Уларнинг 15 нафари рейтингга илк бор киритилган, яна 10 нафари қайтган. Фақат 4 киши рўйхатдан чиққан.
Рейтингга кирган россияликларнинг умумий бойлиги ҳам тарихдаги энг юқори кўрсаткичга етган – 625,5 млрд доллар. 2023 йилда бу рақам 576,8 млрд доллар бўлган. Бунгача рекорд 2021 йилда, Украинага бостириб киришдан олдин қайд этилган – 606,2 млрд доллар.
Энг бой шаҳарлар ўнталиги ва улардаги миллиардерлар сони:
- Нью-Йорк – 123;
- Москва – 90;
- Гонконг – 72;
- Лондон – 71;
- Пекин – 68;
- Мумбай – 67;
- Сингапур – 60;
- Шанҳаи – 58;
- Сан-Франсиско – 58;
- Лос-Анжелес – 56.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Forbes” нашри Алишер Усмоновни ҳар йили тузиладиган дунёнинг энг бой инсонлари рўйхатига қўшгани хабар қилинган эди. Рейтингда бойлиги 16,7 миллиард долларга баҳоланган тадбиркор “Forbes” миллиардерлар рўйхатида кўп йиллардан бери жой олиб келади. Жорий йилда у 144-ўриндан 125-ўринга кўтарилган. Мазкур ўсиш унинг бойлиги 3,3 миллиард долларга ортгани билан боғлиқ.
Live
Барчаси