Москва Британиянинг Россияга қарши теракт ҳозирлаганини айтяпти
Олам
−
26 Май 2023
7677Москва Буюк Британиянинг Россияга қарши терактлар режалаштиришда иштирок этганини истисно этмайди. Бу ҳақда бугун, 26 май куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова маълум қилди.
Унинг айтишича, Россия Федерацияси Лондоннинг Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатишга қаратилган изчил саъй-ҳаракатларини яхши билади.
“Биз британияликлар Киев режими томонидан Россия ҳудудида амалга оширилган терактларни режалаштириш, уюштириш ва қўллаб-қувватлаш, жумладан, разведка маълумотларини тақдим этишда иштирок этганини истисно қилмаймиз”, деган Россия ТИВ расмий вакили.
Шунингдек, у Россия Мудофаа вазирлигининг 2022 йил 29 октябрь куни Севастополда Қора денгиз флоти кемаларига уюштирилган терактда Британия махсус хизматларининг иштироки ҳақидаги хабарлари муносабати билан 2022 йил 3 ноябрь куни Буюк Британиянинг Москвадаги элчиси Дебора Броннерт Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилганини эслатган.
Таъкидланишича, элчига британиялик ҳарбий мутахассисларнинг Украина бўлинмаларини тайёрлаш ва таъминлашдаги фаол иштироки юзасидан кескин норозилик билдирилган. Шу билан бирга, Лондоннинг бундай фаолиятига оид аниқ фактлар келтирилган.
Захарованинг сўзларига кўра, Россиянинг ваколатли идоралари бу борада тўлиқ маълумотга эга.
“Бир неча бор таъкидланганидек, Россия томони зарур деб топилган жойда ва вақтда жавоб чораларини кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Лондоннинг бузғунчи фаолияти оқибатлари учун тўлиқ жавобгарлик тўлалигича ушбу бепарволикларнинг муаллифлари ва ижрочилари зиммасига тушади. Дипломатик муносабатларни узиш имкониятига келсак, шубҳасиз, бу барча омилларни ҳисобга олган ҳолда инкор этиб бўлмайдиган чорадир”, дея таъкидлаган Захарова.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 май куни Украина Қуролли Кучларининг асосан руслардан ташкил топган ҳарбий қисмлари – “Рус кўнгиллилари корпуси” ва “Россия озодлик легиони” Россиянинг Украина билан чегарадош Белгород вилоятига ҳужм бошлаган эди. Шундан сўнг тинч аҳоли Белгородни оммавий равишда тарк эта бошлади. Кейин эса АҚШ штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Марк Милли Украинадан Россия ҳудудига ҳужумлар учун улар томонидан тақдим этилган ҳарбий техникадан фойдаланмасликни сўраганини маълум қилган.
LiveБарчаси