Монополияга қарши талабларни бузган корхонага чора кўрилди

3-саҳифа

image

“Real agro cotton” УКга манипуляция ҳаракатлари содир этганлиги учун тегишли таъсир чораси  қўлланилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сонли қарори билан тасдиқланган  “Биржа савдоларида юқори ликвидли ва монополь турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисида”ги Низомининг 29-бандига мувофиқ Монополияга қарши курашиш органи доимий равишда биржа нархлари мониторингини ўтказиб борилиши белгиланган.

Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси “Ўзбекистон Республикаси Товар хом ашё биржаси”  Тошкент филиалининг тақдим қилган маълумотларини ўрганиш давомида “Real Agro Cotton” УК томонидан 2023 йилда йиғиб олинган пахта ҳосили ҳисобидан жами 17 минг тоннадан зиёд техник чигит маҳсулотини  тўғридан-тўғри шартнома асосида сотиб, манипуляция ҳаракатларини содир этганлик ҳолатлари аниқланган.

Маълумот ўрнида, “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси 3-қисми 12-хатбошисида “Фақат биржа савдоларига қўйиш йўли билан сотилиши лозим бўлган юқори ликвидли ва (ёки) монополь маҳсулотлар ҳажмларини биржа савдоларига қўймасдан тўғридан-тўғри  шартномалар бўйича сотиш” ҳаракатлари монополияга қарши талабларни бузилиши сифатида белгилаб кўрсатилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низомининг 311-банди 18-хатбошисида, “Юқори ликвидли ва (ёки) монополь маҳсулотларни тўғридан тўғри шартномалар бўйича сотиш” ҳаракатлари манипуляция деб ҳисобланади.

“Юқоридагиларга мувофиқ, ҳудудий бошқарма томонидан “Рақобат тўғрисида”ги  юқоридаги низом талаблари бузилиши аломатлари билан “Real Agro Cotton” УКга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланилди”, дейилади хабарда.

Бироқ қўмита таъсир чораси нимадан иборатлигига аниқлик киритмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси томонидан “Ҳудудгазтаъминот” қонунчилик талабига зид равишда амалда етказиб берилмаган табиий газ ҳажмлари учун “Равон йўл инвест” МЧЖга ноқонуний  қарздорлик ҳисоблангани аниқланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Монополия корхона

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг