Молиялаштириш қисқариши туфайли 278 миллион бола ўқий олмайди – БМТ

Олам

image

Таълим учун глобал молиялаштириш кескин камаймоқда. Шу сабабли, 2026 йилга бориб яна қарийб 6 миллион бола мактабда ўқиш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкин. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар фонди (UNICEF) хабар берди.

Прогнозларга кўра, юқори даромадли давлатлар томонидан таълим мақсадларига ажратиладиган расмий ёрдам ҳажми 3,2 миллиард долларга камаяди. Бу 2023 йилга нисбатан 24 фоизлик пасайиш демакдир. Ушбу қисқартиришнинг қарийб 80 фоизи атиги учта донор мамлакат ҳиссасига тўғри келади.

“Бундай қисқариш мактабга бормайдиган болалар сонини 272 миллиондан 278 миллионгача оширади. Бу худди Германия ва Италиядаги барча бошланғич мактаблар ёпилганидек бўлади”, дейилади хабарда.

Энг катта йўқотишлар аллақачон таълим тизими заиф бўлган ҳудудларда кузатилиши кутилмоқда. Асосий зарба бошланғич таълимга тегади: унга ажратиладиган ёрдам учдан бирига қисқариши мумкин. UNICEF ҳисоб-китобларига кўра, бу таълим соҳасидаги глобал инқирозни чуқурлаштиради ва мактабга бормайдиган болалар учун келажакда меҳнат бозорида муаммолар келтириб чиқаради.

Молиялаштириш қисқариши фақат дарсларни эмас, балки кўплаб болалар учун ягона барқарор озиқ-овқат манбаи бўлган овқатлантириш дастурларини ҳам хавф остида қолдиради.

UNICEF донорларни таълимга ажратиладиган барча ёрдамнинг камида ярмини энг кам ривожланган мамлакатларга йўналтиришга, гуманитар дастурларни молиялаштиришни сақлаб қолишга ва эрта ҳамда бошланғич таълимга устувор аҳамият беришга чақирмоқда. Шунингдек, ташкилот молиялаштириш тизимини янада барқарор ва самарали қилиш учун ислоҳотларни талаб қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитаси экспертлари 2023 йилнинг 7 октябридан бери Исроилнинг ҳарбий ҳаракатлари оқибатида Ғазода камида 21 минг бола ногирон бўлиб қолгани ҳақида хабар берганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Таълим UNICEF

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг