Молдовадан дадил қадам. Мамлакат МДҲ Парламентлараро ассамблеясидан чиқмоқчи
Олам
−
15 Май 2023
5574Молдова парламенти раиси Игорь Гросу республиканинг Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблеяси аъзолигидан чиқиш тартибини бошлаш тўғрисидаги қарорни эълон қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
“Мен Молдова Республикасининг МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси тўғрисидаги келишувдан чиқиш жараёнини бошлашга қарор қилдим”, дейди Гросу.
Унга кўра, бу республика учун фойдасиздир.
Шунингдек, Гросу бу қарорни мамлакат фуқаролари, ҳукмрон “Ҳаракат ва бирдамлик” партияси вакиллари ҳамда республика Президенти Майя Санду билан маслаҳатлашувлардан сўнг қабул қилганини айтган.
Парламент доимий бюросининг навбатдаги йиғилишида Гросу депутатларга МДҲ парламентлараро конвенциясини денонсация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлаш сўрови билан республика Бош вазири Дорин Речанга юборишни таклиф қилган.
Бундан ташқари, Гросу ўз нутқида Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини ноқонуний деб атаган ҳамда Москвани Молдовага нисбатан нодўстона сиёсатда айблаган.
Маълумот учун, Молдованинг МДҲга муносабати йилдан-йилга кескинлашиб бормоқда. Бу айниқса мамлакат Президенти Майя Санду даврида кучайган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Молдова Бош вазири Дорин Речан мамлакатга кириши тақиқланган россияликлар орасига Президент Владимир Путинни ҳам қўшганди.