Молдова Бош вазири истеъфога чиқди
Олам
−
16:51 1265 3 дақиқа
Бугун, 3 июль куни Молдова Бош вазири Александр Мунтян кутилмаган тарзда истеъфога чиқди. Бу ҳақда у ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифачида маълум қилди.
Қайд этилишича, бу қарор мамлакат ҳукуматининг ҳам истеъфога чиқишига сабаб бўлади. 2025 йил ноябридан буён Европа Иттифоқига аъзо бўлишга номзод мамлакат ҳукуматига раҳбарлик қилиб келган Мунтян ушбу қарори сабабларини тўлиқ изоҳламаган.
Бу воқеа Европанинг энг қашшоқ мамлакатларидан бири ҳисобланган Молдовада давлатнинг ҳаво ҳаракати хавфсизлиги агентлиги “МолдАТСА” ҳамда бошқа давлат компанияларида юқори маошлар тўланаётгани ҳақидаги сўнгги ОАВ хабарлари ортидан жамоатчилик норозилиги кучайган бир пайтга тўғри келди.
“Бугун менинг Бош вазир сифатидаги ваколат муддатим якунланади. Ваколатларимни энди ўз тамойилларим ва эътиқодларимга мувофиқ бажара олмаслигимни англаган заҳотим истеъфога чиқишга қарор қилдим”, деб ёзган Мунтян.
Маълумотларга қараганда, бу қарор Президент Майя Санду ва ҳокимиятда иккинчи муддатида ишлаётган Европа тарафдори бўлган “Ҳаракат ва бирдамлик” (PAS) партияси учун жиддий синов сифатида баҳоланган.
“Молдовада бошқарув инқирози кучайиб бормоқда”, деган сиёсий таҳлилчи Виталий Андриевский.
Президент Санду журналистларга Мунтян янги бош вазир тайинлангунига қадар ўз лавозимида қолишини билдирган. Унинг айтишича, келаси ҳафта парламентдаги фракциялар билан маслаҳатлашувлар ўтказилгандан кейин бош вазирликка номзод кўрсатилади.
Санду Мунтян ва унинг ҳукуматига хизматлари ҳамда “қийин, аммо зарур ислоҳотлар”ни бошлагани учун миннатдорлик билдирган.
“Молдованинг йўли ўзгармайди: ислоҳотлар ва Европа Иттифоқига қўшилиш”, деб ёзган у X ижтимоий тармоғида.
Президент, шунингдек, Мунтян қонунбузарликларга қарши курашмоқчи бўлгани, аммо унга тўсқинлик қилингани ҳақидаги гап-сўзларни рад этган.
“У ҳукуматни ўзи истаган тарзда бошқариш учун тўлиқ эркинликка эга эди. Истеъфога чиқиш ҳақидаги қарорни у ўз хоҳиши билан қабул қилди”, деган Санду.
62 ёшли Мунтян 2025 йил сентябрида бўлиб ўтган парламент сайловларидан кейин Бош вазир этиб тайинланган эди. Ўшанда PAS партияси Россияга мойил рақибини ишончли мағлубиятга учратиб, мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш йўлини давом эттириш учун янги мандатга эга бўлган.
Бундан аввал у қарийб 20 йил давомида Молдовадан ташқарида, жумладан, Жаҳон банкида фаолият юритган.
“Қайси лавозимда бўлишимдан қатъи назар, мамлакатимга хизмат қилишда давом этаман”, деган Мунтян.
Маълумот учун, Молдова Украина ва Европа Иттифоқи аъзоси бўлган Руминия ўртасида жойлашган давлат ҳисобланади. Мамлакат аҳолисининг аксарияти румин тилида, катта қисми эса рус тилида сўзлашади. У ерда сиёсий ҳокимият ўнлаб йиллар давомида Европа билан яқинлашувни қўллаб-қувватловчи кучлар ва Москва билан муносабатларни яхшилаш тарафдори бўлган партиялар ўртасида алмашиб келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Молдова Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Михай Попшой мамлакат 2027 йил 8 апрелда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) таркибидан расман чиқишини маълум қилган эди.
Live
Барчаси