Мол‑мулк ва ер солиқларидаги имтиёзлардан фойдаланиш тартиби белгиланди
Жамият
−
18 июл 8097 2 дақиқа
Ўзбекистонда мол‑мулк ва ер солиқлари бўйича солиқ имтиёзларидан фойдаланиш борасида мурожаат бериш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Ҳукуматнинг куни кеча, 16 июлда қабул қилинган 389-сонли қарорида қайд этилди ҳамда мазкур қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 апрелдаги 150‑сон қарорига қўшимча киритилди.
Киритилган қўшимчаларга кўра, “Жисмоний шахслар томонидан мол-мулк ва ер солиқлари бўйича солиқ имтиёзларидан фойдаланиш учун электрон мурожаат юбориш бўйича давлат хизматини кўрсатиш”нинг маъмурий рeгламeнти тасдиқланди.
Регламентга кўра, жисмоний шахслар томонидан мол‑мулк ва ер солиқлари бўйича солиқ имтиёзларидан фойдаланиш учун қуйидагилардан бири орқали электрон мурожаат юбориш мумкин бўлади:
- электрон солиқ хизматлари портали;
- Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz).
Қайд этилишича, юборилган маълумотларни солиқ органининг масъул ходими 2 иш кунида солиқ органларида мавжуд маълумотлар асосида ўрганади ва солиқ имтиёзини қўллаш ёки уни рад этиш тўғрисида хулоса расмийлаштиради.
Солиқ органининг тегишли хулосаси 1 иш куни ичида Электрон солиқ хизматлари портали орқали жисмоний шахснинг шахсий кабинети ёхуд ЯИДХП(my.gov.uz)га юборилади.
Мурожаат қайтарилган тақдирда, жисмоний шахс рад этиш учун асос бўлган камчиликларни бартараф этган ҳолда, қайта мурожаат қилишга ҳақли ҳисобланади. Бунда мурожаат мазкур регламент талаблари асосида такроран кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда иш ташлашни амалга оширишнинг қонуний тартиблари белгиланган эди.
Live
Барчаси