Моди Россияга жўнаб кетди
Олам
−
08 Июль
5510Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди икки кунлик расмий ташриф билан Москвага учиб кетди. Бу ҳақда Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
ТИВ маълумотларига кўра, ҳукумат раҳбари Россияга Москва вақти билан тахминан 14:50 да етиб бориши кутилмоқда.
Ҳиндистон Бош вазири жўнаб кетишидан олдин Россия Президенти Владимир Путин билан учрашишни интиқлик билан кутаётганини айтиб, уни дўст деб атаган. Моди 22-Ҳиндистон-Россия йиллик саммитида иштирок этиш учун Россия Федерациясига расмий ташриф билан кетаётганини билдирган.
У Ҳиндистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги алоҳида имтиёзли стратегик шериклик сўнгги 10 йил ичида, жумладан, энергетика, хавфсизлик, савдо, сармоя, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, туризм ва одамлар ўртасидаги алмашув соҳаларида ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков “муҳим, кенг кўламли ташриф” кутилаётганини маълум қилди, бунда икки давлат раҳбарлари норасмий муҳитда мулоқот қилишлари мумкин. Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков брифингда Кремль “бу ташрифга катта аҳамият беришини” таъкидлади.
Ушаковнинг эслатишича, Россияга ташриф Ҳиндистоннинг охирги парламент сайловларидан сўнг кетма-кет учинчи марта Бош вазир бўлган Моди учун биринчи хорижий сафари бўлади.
Маълумот учун, Москвадан кейин 9-10 июль кунлари Ҳиндистон Бош вазири Австрияга ташриф буюради, бу Ҳиндистон ҳукумати раҳбарининг сўнгги 40 йилдаги биринчи ташрифи ва Модининг ўзи учун ҳам биринчи ташриф бўлади.
Шаҳноза Ҳалилова
LiveБарчаси