МО ва ЕИ етакчилари Оролга оид кўргазма билан танишди
Жамият
−
04 Апрель 3721 1 дақиқа
"Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" форматидаги биринчи олий даражадаги расмий учрашув якунлангач, етакчилар биргаликда Орол маданият саммити экспозициясига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Кўргазмада Орол экотизимини тиклаш, ҳудуднинг маданий меросини асраб-авайлаш ва барқарор ривожланишига кўмаклашишга қаратилган ноёб ташаббуслар намойиш этилди. Бу ерда визуал, сенсор ва интерфаол воситалар орқали Оролбўйининг табиий ва маданий бойлиги билан танишиш мумкин.

Кўргазмадан меъморчилик ва ландшафт фотографиясига ихтисослашган машҳур фотосуратчи Иван Бааннинг асарлари, Қорақалпоғистон учун хос ўсимлик ҳисобланган қамишдан яратилган флористик композиция, шунингдек, Оролбўйининг анъанавий маҳсулотлари - саксовул уруғи, чиғаноқлар, табиий туз, қуритилган исириқ, нақшли намат ва бошқа кўплаб экспонатлар ўрин олган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган саммит ишида Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта, Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этди. Етакчилар Самарқанд халқаро иқлим форумида ҳам қатнашди.
Live
Барчаси