Мисрнинг кучли томонларини яхши биламиз – Темур Кападзе
Спорт
−
26 Июль
4954Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси устози Темур Кападзе Олимпиада ўйинларининг футбол баҳслари гуруҳ босқичи 2-тури доирасида Мисрга қарши ўтказиладиган баҳс олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Кеча Нант шаҳрига етиб келдик, тайёргарликни давом эттирмоқдамиз. Олдимизда Мисрга қарши учрашув кутиб турибди. Энг асосийси – ҳамма соғ-саломат, бироқ битта йўқотишимиз бор. Ҳимоячимиз Иброҳимҳалил оилавий сабабларга кўра терма жамоа ихтиёрини тарк этишга мажбур бўлди. Лекин бунга қарамасдан режа бўйича машғулотларни давом эттиряпмиз ва эртанги учрашувда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз”, дейди мураббий.
Шунингдек, мутахассис бўлажак рақиб борасида ҳам ўз муносабатини билдирди.
“Мисрга келсак, Африканинг энг кучли жамоаларидан бири. Улар билан ўтган йили Тошкентда ўйнаганмиз. Рақибимизнинг кучли томонлари ва имкониятларини яхши биламиз. Шунга яраша биз ҳам ўз режамизга кўра тайёргарлик кўрамиз ва ғалаба қозониш учун бор имкониятимизни ишга соламиз”, дейди Кападзе.
Кападзе жамоанинг биринчи ўйинда йўл қўйган хатоларига ҳам тўхталиб, камчиликларни бўлажак ўйинларда бартараф этиш бўйича иш олиб борилаётганини билдирди.
“Биринчи учрашувдан кейин ўйинимизни таҳлил қилиб чиқдик ва ўзимизга керакли бўлган хулосаларни чиқардик. Ўйин давомида баъзи вазиятларда яхшироқ ўйнадик, баъзида эса камчиликлар ҳам кўзга ташланди. Бироқ, айтганимдек, хатолар устида ишлаб боряпмиз ва ҳозирда бор эътиборимиз эртанги ўйинга қаратилган. Жамоада қолган барча соғ, муаммо йўқ. Иброҳимҳалил кетганидан сўнг захира футболчиларимиздан бирини қайдномага киритишга ҳаракат қиляпмиз. Бу борада ташкилий қўмитага сўров юбордик, ҳозирча жавобни кутмоқдамиз”, дея қўшимча қилди мутахассис.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон-Миср ўйинига ҳакам тайинлагани хабар қилинганди.