Мисрда 5 ўзбекистонлик ҳибсга олинди (видео)
Олам
−
13 Май 17585 2 дақиқа
Аввалроқ, Мисрда ўзбекистонлик талабаларга нисбатан рейдлар ўтказилиб, ҳеч қандай сабабсиз қўлга олинаётгани ҳақида QALAMPIR.UZ'гa мурожаат келиб тушганди. Унда талабаларнинг ҳужжатлари жойида бўлишига қарамай, уларни зўравонлик билан, уйларига бостириб кириб олиб кетишаётгани айтилганди. Ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси маълумот берди.
Қайд этилишича, элчихона вакиллари томонидан Қоҳира шаҳрининг Наср шаҳарчасида жойлашган масъул полиция бўлимларига қўшимча ташрифлар ва мулоқотлар амалга оширилган. Бугун, 13 май ҳолатига кўра, кўплаб хорижликлар қаторида 5 нафар ўзбекистонлик мамлакатда бўлиш қоидаларини бузгани сабабли ушлаб турилгани аниқланган.
Шу билан бирга, 1 нафар ўзбекистонликни унинг Миср ҳудудида қонуний асосда бўлиб турганини тасдиқловчи аниқ ҳужжатлари тақдим этилганидан сўнг вақтинча сақлаш марказидан чиқаришга эришилган.
“Қолган фуқароларнинг ҳолати юзасидан маҳаллий қонунчилик доирасида ўрнатилган тартибда ҳуқуқий баҳо берилиши ва қарор қабул қилиниши таъкидланмоқда”, дейилади хабарда.
Элчихона томонидан тегишли тезкор ҳуқуқий ёрдамни амалга оширишни таъминлаш мақсадида бу каби текширув тадбирлари давомида ушланган фуқаролар юзасидан элчихонага кечиктирмасдан маълум қилиш тавсия этилган. Бунинг учун элчихонанинг +20233364516, +20233361723 рақамларига ёки Тelegram'даги @shtabegypt манзилига боғланиш мумкин.
Шу ўринда, ўзбекистонликлардан Мисрда бўлиш қоидаларига қатъий амал қилиш сўралган. Уларнинг мамлакатда бўлиши ва ҳаракатланиши давомида шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, яшаш учун рухсатнома (иқома) ёки талабалик карталарини (университет, институт ва ҳ.к.) доим ўзлари билан бирга олиб юриш сўралган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ халқаро қидирувда бўлган шахс Мисрда қўлга олинганди ва Ўзбекистонга экстрадиция қилинганди.
Live
Барчаси