Мишустин ва Арипов энергетика бўйича муҳокама ўтказади
Жамият
−
18 Сентябрь 2023
4578Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирлари Михаил Мишустин ва Абдулла Арипов бугун, 18 сентябрь куни саноат, энергетика ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилади. Бу ҳақда Россия Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматига таяниб ТАСС хабар қилди.
Унга кўра, Россия ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия йиғилишида ҳар икки мамлакат учун ўзаро манфаатли соҳаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
“Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини кўриб чиқиш режалаштирилган. Шунингдек, ўзаро манфаатли бошқа соҳаларда бўлгани каби саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, фан ва таълим соҳаларида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади”, дейилган хабарда.
Шунингдек, Россия томонининг фикрича, жаҳон иқтисодиётидаги нотинчлик шароитида Россия-Ўзбекистон алоқалари савдо-иқтисодий ва сармоявий томонлама жадал ривожланмоқда.
“Россия ҳукумати вакиллари энергетикани Ўзбекистон билан “икки томонлама ҳамкорликнинг энг муҳим йўналиши” деб атайди. Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги газ соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш нафақат икки давлат манфаатларига жавоб беради, балки Марказий Осиёнинг энергетик хавфсизлигини ҳам таъминлайди”, деган Россия Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати.
Бундан ташқари, Россия ҳукумати идораси Россия Ўзбекистоннинг “асосий савдо шериги” эканини айтиб, 2022 йил якунларига кўра ўзаро товар айирбошлаш 2021 йилга нисбатан қарийб учдан бирга ошгани ва 8,7 миллиард долларга етганини эслатган.
Жорий йилда товар айирбошлаш ҳажми 14 фоиздан ортиқ ўсгани ва 5,2 миллиард долларга етгани ҳам қўшимча қилинган.
Қолаверса, Россия ҳукумати идораси Ўзбекистонни “стратегик ҳамкор” ва “иттифоқчи” деб атаган.
“Ўзбекистон Россиянинг Марказий Осиёдаги ишончли стратегик ҳамкори ва иттифоқчиси ҳисобланади. Россия-Ўзбекистон муносабатлари тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланади ва анъанавий дўстона характерга эга. Сўнгги пайтларда эса Россия-Ўзбекистон муносабатлари ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилмоқда”, дея таъкидлайди Россия ҳукумати.
Москва 2020 йил охирида Евросиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олган Ўзбекистон ушбу ассоциация билан фаол ҳамкорлик қилаётганини билдирди. Шунингдек, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон МДҲда, жумладан, терроризм ва экстремизм, жиноятчилик, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашда ҳам ҳамкорлик қилади. Шу билан бирга Россия Федерацияси Вазирлар Маҳкамаси Москва ва Тошкент ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликни самарали, деб ҳисоблайди.
“Россия Федерацияси ҳукумати инсонпарварлик ва таълим соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Маълумот ўрнида, Россиядаги талабалар сони бўйича Ўзбекистон яқин ва узоқ хориж давлатлари орасида етакчи ўринни эгаллайди. Бугунги кунда 63 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари барча турдаги олий таълим дастурларида таҳсил олмоқда. Рус тили Ўзбекистонда яшовчи 130 дан ошиқ этник гуруҳларнинг миллатлараро мулоқот тили ҳисобланади. Ўзбекистонда россиялик 150 га яқин ўқитувчи меҳнат қилади. 1000 нафардан ортиқ маҳаллий ўқитувчилар малака ошириш курсларини тамомлади. Ҳозирда Ўзбекистонда Россия олий ўқув юртларининг 14 та филиали, жумладан, Москва давлат университети, Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети, Москва давлат халқаро муносабатлар институти фаолият кўрсатмоқда”, дейилган расмий хабарда.
Маълумот учун, икки давлат президентлари ташаббуси билан тузилган қўшма комиссиянинг бугунги йиғилиши 2019 йилдан буён тўртинчиси ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг декабрь ойида Арипов ва Мишустин миграциядан тортиб божхонагача 10 дан ортиқ ҳужжатларни имзолаган эди.
LiveБарчаси