Қарорлар пойгаси: тарифлар яна ўзгарди

Таҳлил

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 июндаги “Ёқилғи-энергетика тармоғида тариф сиёсатини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 337-сонли қарорига кўра, Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газ учун нархлар 2026 йилдан бошлаб, уч йилдан кам бўлмаган муддатга амал қилиши белгиланган эди. Аммо… Қарор кучга киришидан бир кун олдин – 31 март куни Вазирлар Маҳкамаси яна бир қарор қабул қилди ва энди электр ва газ нархи ҳар йили ошадиган бўлди!

Сўзбоши узун ва мураккаб туюлиши мумкин, аммо аслини олганда, мавжуд газ ва электр тариф сиёсатининг ўзи мураккаб ва тушунарсиз. Чунки соҳада шу қадар кўп қарорлар қабул қилиниб, кейин ўзгартиришлар киритиладики, ўрганиб, кўникиб улгурмайсан киши.

Инфляцияга қараб ошадиган нарх

Янги қабул қилинган қарорга кўра, 201 кВт/соатдан 500 кВт/соатгача бўлган электр энергияси истеъмоли учун алоҳида тарифлар жорий этилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги қарорига кўра, 2025 йилнинг 1 апрелидан электр ва газ учун нархлар ошиши кутилаётган эди.

Унга кўра, маиший истеъмолчилар учун ойига 201 кВт/соатдан 1 000 кВт/соатгача сарфланган электр энергияси учун нарх 1000 сўмдан ҳисобланиши керак эди. Ҳукуматнинг 31 мартдаги сўнгги қарорига кўра эса, бу нарх 800 сўм этиб белгиланди.

Қисқача айтганда, ҳозирда маиший истеъмолчилар 200 кВтгача 450 сўм, 201 кВтдан 500 кВтгача 900 сўм тўламоқда. 1 майдан бошлаб эса 200 кВтгача 600 сўм, 201 кВтдан 500 кВтгача эса 800 сўм (1000 сўм ўрнига) тўланади. Шунда ҳар икки ҳолда ҳам истеъмолчилар умумий ҳисобда 360 минг сўм тўлайди.

Агар тўланадиган сумма ўзгармайдиган бўлса, бунинг учун янги қарорга не ҳожат дейдиганлар учун қарордаги асосий жиҳатга тўхталсак. Янги қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳар йили 1 майда электр энергияси ва табиий газ нархлари бир маротаба йиллик инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда 10 фоиздан юқори бўлмаган миқдорда индексация қилиб борилади.

Яъни ҳар йили мамлакатда инфляциядан келиб чиқиб нарх ўсиб боради.

Маълумот учун, 2024 йилда Ўзбекистонда йиллик инфляция даражаси 9,8 фоизни ташкил этганди. Бу агар жорий йилда инфляция 10 фоизни ташкил этса, келаси йилда “свет” ва газ нархининг ҳам 10 фоизга ошишини англатади.

Беқарор тариф сиёсати

Аввало, 2024 йилнинг 15 июнида Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Ёқилғи-энергетика тармоғида тариф сиёсатини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинганини таъкидлаш зарур. Унда 2035 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон ёқилғи-энергетика тармоғидаги тариф сиёсатининг асосий йўналишлари ишлаб чиқилган.

2024 йилнинг 16 апрелидаги ҳукумат қарорида 2024-2025 йилларда ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг босқичма-босқич ўзгариш графиги ишлаб чиқилганди. Аммо март ойи сўнггида Президент топшириғига асосан, Вазирлар Маҳкамасининг 28 мартдаги қарорига кўра, нархлар ўтган йили белгиланганидан фарқли равишда 1 апрелдан эмас, 1 майдан ошадиган бўлди.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 31 мартда яна бир қарор қабул қилди ва унга кўра, 2026 йилдан бошлаб электр ва газ тарифлари ҳар йили 1 майдан инфляцияни ҳисобга олиб, аммо 10 фоиздан ошмаган ҳолда кўтариладиган бўлди.  Ваҳоланки, 2026 йилдан бошлаб, газ ва “свет” учун нархларини камида уч йилга ўзгаришсиз қолдириш режа қилинганди.

Ёдингизда бўлса, ўтган 2024 йилнинг 1 майидан бошлаб, электр ва газ учун тўловлар миқдори оширилиб, энергоресурслар истеъмолига лимит жорий этилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

газ энергетика лимит

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг