Россия Украина энергетика объектларига зарба берди
Олам
−
26 Август
6935Россия қўшинлари Украинага ракета ва учувчисиз самолётлар билан ҳужум қилди. 26 август куни эрталаб бутун мамлакат бўйлаб ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди.
Портлашлар Киев, Одесса ва Николаев вилоятларида, Харьков, Днепр, Запорожье ва мамлакатнинг ғарбий қисмида содир бўлди. Украина Энергетика вазири Герман Галушченконинг сўзларига кўра, зарбадан нишон энергетика инфратузилмаси объектлари бўлган.
“Вазият мураккаб, ҳужумлар оқибатларига ойдинлик киритилмоқда. Энергетика ходимлари аллақачон уларни бартараф этиш устида ишламоқда”, дейди у.
“Укрэнерго” ширкати ҳужум туфайли электр энергиясини фавқулодда ўчиришга буйруқ берган. Украина Бош вазири Денис Шмигаль Россиянинг оммавий ҳужуми оқибатида 15 та ҳудуд зарар кўрганини айтди.
“Душман турли хил қуроллардан фойдаланган: дронлар, қанотли ракеталар, “Кинжал”лар. Ўлганлар ва ярадорлар бор. Уларнинг оила ва яқинларига самимий ҳамдардлик билдирамиз”, деб ёзди у Telegram-каналида.
Россия Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, 26 август куни эрталаб рус қўшинлари Украина ҳарбий-саноат комплекси фаолиятини қўллаб-қувватловчи муҳим энергетика инфратузилмаси объектларига “юқори аниқликдаги қуроллар билан катта зарба” берган.
"Барча белгиланган нишонлар урилди", дейилади вазирлик баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина дронларининг Саратовдаги ҳужумлари ҳақида хабар берилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь