Мирзиёев Жаҳон банки глобал директорини қабул қилди

Жамият

image

Бугун, 17 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрида Жаҳон банкининг глобал директори Луис Фелипе Лопес-Кальвани қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Музокаралар аввалида юқори мартабали меҳмон Шавкат Мирзиёевга Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банганинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди ҳамда “Камбағалликдан фаровонлик сари” халқаро форуми муваффақиятли ташкил этилгани билан табриклади.

Қайд этилишича, мулоқот давомида Жаҳон банки билан стратегик шерикликни, энг аввало, Барқарор ривожланишнинг биринчи мақсади бўлмиш камбағалликка қарши курашиш соҳасида янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Шунингдек, ушбу глобал молиявий институт билан амалий ҳамкорликда юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилган. Билдирилишича, мамлакат дастури муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ўзбекистон банкнинг макроминтақадаги етакчи ҳамкорларидан биридир. Лойиҳалар портфели 14 миллиард доллардан ошди.

Жаҳон банкининг фаол кўмагида камбағаллик даражасини аниқлаш методологияси ишлаб чиқилган. Айни пайтда Ўзбекистонда камбағаллик ва тенглик кўрсаткичлари биргаликда диагностика қилинмоқда.

Шу билан бирга, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш доирасида хотин-қизлар ва ёшлар учун иш ўринлари яратиш, шаҳар ва қишлоқларнинг ижтимоий инфратузилмасини модернизация қилиш, туризмни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирларни ўз ичига олган қўшма лойиҳа тайёрлаш таклиф қилинган.

Хусусий сектор лойиҳаларини илгари суриш, ўрта муддатли ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш, аҳолини рўйхатга олиш ва бошқа устувор йўналишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Эслатиб ўтамиз,  Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 17 сентябрь куни Наманган шаҳрида 30 дан ортиқ нуфузли ташкилот ва 200 га яқин халқаро экспертлар иштирокидаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” халқаро форумининг очилишида нутқ сўзлаганди. Шундан сўнг Президентнинг  Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассир билан учрашуви бўлиб ўтди.

Бунёд Келдибоев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Жаҳон банки Мирзиёв глобал директори Луис Фелипе Лопес-Кальвани

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг