Мирзиёевнинг махсус вакили “Толибон” билан Қатарда учрашди — ОАВ
Олам
−
13 Август 2021
41557Жорий йилнинг 11 август куни Туркманистон, Ўзбекистон ва Россия Федерацияси делегациялари Афғонистонда ҳарбий кескинлик ортиши фонида “Толибон”нинг сиёсий масалалар бўйича комиссияси раҳбари билан Қатарда музокара ўтказди. Бу ҳақда “Pars today” хабар берди.
“Толибон” вакилининг матбуотга билдиришича, ҳаракат етакчиларидан бири мулла Абдул Ғани Бародар Қатарда Туркманистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Ҳожиев ва Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев билан учрашган. Бу учрашувда томонлар Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилган.
Ҳаракат вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид учрашувда минтақавий масалалар, шу жумладан, Афғонистон ва Марказий Осиё республикалари ўртасидаги савдо алоқалари муҳокама қилинганини таъкидлаган.
Қайд этилишича, Мулла Абдул Ғани Бародар ҳамда Ҳожиев икки томонлама муносабатлар, чегара муаммолари, иқтисодий лойиҳалар ва Туркманистоннинг Афғонистондаги дипломатик ваколатхоналари хавфсизлиги масалалари юзасидан фикр алмашган.
“Толибон”нинг бошқа бир вакили Суҳайл Шоҳин ҳаракат етакчиларидан бири Мулла Абдул Ғани Бародар Россия Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов билан Афғонистондаги жорий ҳолат юзасидан фикр алмашганини қайд этган.
Таъкидлаш керакки, Россия ва Марказий Осиё расмийлари “Толибон” жангарилари Афғонистоннинг кўплаб ҳудудларини эгаллаб олаётган бир пайтда улар билан музокара олиб бормоқда.
Туркманистон матбуотида тарқатилган хабарга кўра, “Толибон”нинг Қатардаги сиёсий офиси вакиллари билан учрашувда БМТ, Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Хитой ва Покистон вакиллари ҳам қатнашган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь