Биринчи хоним Мирзиёева ЖССТ раҳбари билан учрашди
Жамият
−
25 Сентябрь 5009 1 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг рафиқаси, “Замин” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироатхон Мирзиёева Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори, доктор Тедрос Аданом Гебреисус билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда “Замин” халқаро жамоат фонди хабар берди.
Мирзиёева ЖССТ раҳбарига ташкилотнинг дунёда тиббиёт ва соғлиқни сақлашни ривожлантиришга қўшаётган улкан ҳиссаси, Ўзбекистон болалари саратонга қарши дори воситаларидан фойдаланишини таъминлаш бўйича глобал платформани қўллаб-қувватлагани ва кенгайтиргани учун миннатдорлик билдирган.

Томонлар ҳамкорликни янада фаоллаштиришга, хусусан, болалар саратонини эрта аниқлаш, диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш, онкология ва гематология соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, шунингдек, болалар ва уларнинг оилаларига реабилитация ва руҳий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга тайёр эканлигини таъкидлаган.
ЖССТ раҳбари Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ишларига ҳамда муҳим ижтимоий ва экологик лойиҳаларни амалга ошираётган “Замин” фонди фаолиятига юксак баҳо берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Биринчи хоним Зироатхон Мирзиёева Нью-Йорк шаҳрига ташриф доирасида Туркия Республикасининг Биринчи хоними Эмина Эрдўғаннинг таклифига биноан ушбу мамлакат маданий меросига бағишланган кўргазма билан танишганди.
Live
Барчаси