Мирзиёев жорий йилнинг 9 ойида эришилган иқтисодий натижалар билан танишди

Жамият

image

Бугун, 19 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида жорий йилнинг 9 ойида эришилган иқтисодий натижалар, йил якунигача кутилаётган кўрсаткичлар ва 2024 йилга мўлжалланган макроиқтисодий прогнозлар муҳокама қилинди.  Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Маълум қилинишича, йиғилишда дастлаб жорий йил якунигача кутилаётган кўрсаткичлар таҳлил қилинган. Унда давлат раҳбари дунёдаги оғир вазият иқтисодиётга салбий таъсир этаётгани ва номаълумлигича қолаётгани, шу боис барқарор иқтисодий ўсишни изчил давом эттириш учун ички имкониятларни кўпроқ ишга солиш зарурлигини қайд этган.

Айнан шунинг учун 2023 йилдан қўшилган қиймат солиғи 15 фоиздан 12 фоизга туширилгани, бунинг эвазига тадбиркорлар ихтиёрида 7 триллион сўм қўшимча маблағ қолгани, шунингдек, ҳудудлар инфратузилмасини яхшилашга 35 триллион сўм, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга 19 триллион сўм йўналтирилгани айтилган. 

Келтирилишича, шуларнинг натижасида, жорий йилда нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан глобал иқтисодиёт 3 фоиз ўсиши прогноз қилинаётган пайтда, мамлакат иқтисодиёти камида 5,6 фоизга ошиши кутилмоқда.

Йиғилишда қайд этилишича, жорий йилнинг 9 ойида мамлакатимиз иқтисодиёти 5,8 фоизга ўсди. Жумладан, саноат 5,7 фоиз, қишлоқ хўжалиги 4,1 фоиз, хизматлар 12,1 фоизга ошган.

Жаҳон бозорлари ва логистикадаги мураккабликларга қарамай, экспорт 23,5 фоизга ошиб, 17,7 миллиард долларни ташкил қилган. Иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ҳудудларда йирик саноат ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилаётгани ҳисобига, 226,6 триллион сўм инвестициялар ўзлаштирилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,8 фоизга кўпайган.

Мажлисда шунингдек, 2024 йилда барқарор иқтисодий ўсишга эришиш чора-тадбирлари атрофлича муҳокама қилинган. Унда айтилишича, жорий йил сентябрда қабул қилинган  “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича кўплаб мақсад ва вазифалар белгиланган. Ҳукуматга 2024 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурни мазкур стратегиядаги вазифаларни бажариш нуқтаи назаридан пухта ишлаб чиқиш топширилган. 

Бунда ялпи ички маҳсулотнинг ҳозирги ўсиш суръатини келгуси йилда ҳам давом эттириш учун барча имконият ва захиралар борлиги кўрсатиб ўтилган.

Хусусан, 2024 йилда 13 миллиард долларлик 300 дан зиёд лойиҳани ишга тушириш, энергия таъминотини барқарорлаштириш, тармоқлар самарадорлиги ошириш ҳисобига саноатда 6 фоиз ўсиш имконияти борлиги қайд этилган.

Хизматлар соҳасида 15 фоиз ўсишни таъминлаш учун транспорт, логистика, агро-хизматлар, суғурта, лизинг каби йўналишлардаги фойдаланилмаётган имкониятларни тўлиқ ишга солиш зарурлиги қайд этилган. Давлат раҳбари транспорт, сув хўжалиги, коммунал каби соҳаларда бошланган ислоҳотларни фаоллаштириш, бунда аҳоли ва бизнесни қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият қаратиш зарурлигини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг