Мирзиёев ЕХҲТ миссияси раҳбари билан сайловни муҳокама қилди
Жамият
−
03 Июль 2023
5699Бугун, 3 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) миссияси раҳбари Урсула Гачек билан учрашди ва бўлажак президентлик сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалалари муҳокама қилди.
Давлат раҳбари ЕХҲТ билан конструктив мулоқот, фаол алмашинувлар, очиқ ва самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини катта мамнуният билан қайд этган.
Учрашувда умумхалқ овоз бериш жараёнини халқаро стандартларга мувофиқ ўтказишнинг турли жиҳатлари юзасидан атрофлича фикр алмашилган.
Бюро экспертлари миллий сайлов тизимини модернизация қилишда, шу жумладан Ўзбекистон Сайлов кодексини ишлаб чиқишда иштирок этгани таъкидланган.
Айтиш жоизки, ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтган Конституция бўйича референдумни кузатишда ҳам қатнашган.