Мирзиёев Японияга боради
Жамият
−
29 Ноябрь 5355 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Японияга бориши кутилмоқда. Жорий йил 27 ноябрь куни унинг тўнғич қизи – Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Япониянинг Ўзбекистондаги янги элчиси Кенжи Хирата билан учрашиб, Президент Мирзиёевнинг Японияга бўлажак ташрифига тайёргарликни муҳокама қилди.
Учрашувда икки томонлама кун тартибини бойитиш зарурлиги қайд этилди.
“Таълим, тиббиёт лойиҳаларини ҳамда маданий ташаббусларимизни, жумладан, Осака ва Токиода кўргазмалар ўтказишни қўллаб-қувватлаётгани учун Япония ҳукуматига миннатдорлик билдирдим”, деб ёзади Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Қайд этиш жоиз, Япония нашрлари Токио Марказий Осиёнинг бешта давлати – Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қозоғистон иштирокидаги биринчи саммитни ўтказишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида ёзмоқда. Саммит жорий йилнинг декабрь ойи ўрталарида Токиода бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Маълумки, илк саммит ўтган йилнинг август ойида Қозоғистонда ўтказилиши режалаштирилган эди. Бироқ Японияда кучли зилзила бўлиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантириш сабабли тадбир сўнгги дақиқада қолдирилган. Япония Бош вазири Санаэ Такаичи бу галги саммит ресурсларга бой мамлакатлар билан алоқаларни чуқурлаштириш, иқтисодий хавфсизликни мустаҳкамлаш, шунингдек, декарбонизация технологиялари ва инфратузилма қурилиши каби кенг кўламли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратишига умид қилмоқда.
Маълумот учун, жорий йил 4 апрелда Самарқандда “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити, 30 майда Остона шаҳрида “Марказий Осиё – Италия” саммити, 17 июнда Остона шаҳрида “Марказий Осиё – Хитой” иккинчи саммити, 9 октябрда Душанбе шаҳрида “Марказий Осиё – Россия” иккинчи саммити, 6 ноябрь куни Вашингтонда “Марказий Осиё – АҚШ” иккинчи саммити бўлиб ўтди.
Live
Барчаси