Токио биринчи Марказий Осиё – Япония саммитига тайёрланмоқда

Олам

image

Япония Марказий Осиёнинг бешта давлати – Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қозоғистон иштирокидаги биринчи саммитни ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда. Учрашув жорий йилнинг декабрь ойи ўрталарида Токиода бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.

Маълумки, илк саммит ўтган йилнинг август ойида Қозоғистонда ўтказилиши режалаштирилган эди. Бироқ Японияда кучли зилзила бўлиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантириш сабабли тадбир сўнгги дақиқада қолдирилган.

Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қозоғистон 20 йилдан ортиқ вақт давомида Япония билан вазирлар даражасида музокаралар олиб бормоқда.

Хабарда кўра, мазкур беш давлат собиқ Совет республикалари бўлгани сабабли Россия билан яқин алоқаларга эга, шунингдек, Хитой ҳам улар билан ҳамкорликни кучайтирмоқда. Шу боис, Япония ҳам бу давлатлар билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қизиқиш билдирмоқда.

Япония Бош вазири Санаэ Такаичи саммит ресурсларга бой мамлакатлар билан алоқаларни чуқурлаштириш, иқтисодий хавфсизликни мустаҳкамлаш, шунингдек, декарбонизация технологиялари ва инфратузилма қурилиши каби кенг кўламли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратишига умид қилмоқда.

Маълумот учун, жорий йил 4 апрелда Самарқандда “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити, 30 майда Остона шаҳрида “Марказий Осиё – Италия” саммити, 17 июнда Остона шаҳрида “Марказий Осиё – Хитой” иккинчи саммити, 9 октябрда Душанбе шаҳрида “Марказий Осиё – Россия” иккинчи саммити, 6 ноябрь куни Вашингтонда “Марказий Осиё – АҚШ” иккинчи саммити бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Япония афғон аёлларининг ҳаётини яхшилаш учун катта пулни хайрия қилгани ҳақида хабар берилганди. Унда, Япония Афғонистоннинг чегара ҳудудларидаги аёлларнинг турмуш шароитини яхшилаш учун 5,6 миллион доллар ажратгани айтилганди. Афғонистондаги Япония элчиси Кеничи Масамотога кўра, ушбу янги лойиҳа аёлларга ўзлари ва оилалари учун хавфсиз ва самарали иш имкониятларини яратишга ёрдам беради.  


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Тожикистон Ўзбекистон Қирғизистон Япония Туркманистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг