Мирзиёев Ўзбекистонга келтирилган фаластинликларга ғамхўрлик бўйича фармон имзолади

Жамият

image
Мирзиёев фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида даволашга тайёр эканини билдирди north_east

Мирзиёев фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида даволашга тайёр эканини билдирди

100 нафар фаластинлик Ўзбекистонга эвакуация қилинди north_east

100 нафар фаластинлик Ўзбекистонга эвакуация қилинди

Саида Мирзиёева фаластинлик болалар ҳолидан хабар олгани борди (фото) north_east

Саида Мирзиёева фаластинлик болалар ҳолидан хабар олгани борди (фото)

Ўзбекистонга олиб келинган фаластинлик фуқароларга адолат тамойили асосида доимий ғамхўрлик ва ижтимоий кўмак кўрсатишни таъминлайдиган механизмларни жорий этиш мақсадида бугун, 14 август куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистондаги бир гуруҳ фаластинлик фуқароларга давлат ғамхўрлиги, меҳр-шафқат тамойиллари асосида кўмак бериш тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони қабул қилинди.

Билдирилишича, фаластинлик учун Ўзбекистонда қулай шароитлар яратиш мақсадида қуйидаги ишлар бажарилган:

  • уларни вақтинча яшаш объектларига жойлаштириш, бирламчи эҳтиёжлари юзасидан масалалар ҳал этилган;
  • уларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва зарур дори-дармонлар билан таъминлаш чоралари кўрилган;
  • уларнинг жамиятга интеграция қилиниши ва маънавий қўллаб-қувватланишини таъминлаш мақсадида маданий-маърифий учрашувлар ва дўстлик кечалари каби тадбирларни (шу жумладан, болалар учун) ўз ичига олувчи махсус дастурлар ташкил этилган.

Фармон билан фаластинлик беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчиларни Ўзбекистон Республикасида яшашга мослаштириш жараёнига кўмаклашиш бўйича Республика комиссияси таркиби тасдиқланган. Комиссияга Ўзбекистон Республикаси Президентининг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси Сардор Умурзоқов раҳбарлик қилади.

Қуйидагилар Республика комиссиясининг асосий фаолият йўналишлари этиб белгиланган:

  • меҳмонларга яратилган имкониятларни рўёбга чиқариш юзасидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • меҳмонларни ҳудудлар кесимида жойлаштириш ҳамда мазкур чора-тадбирлар билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш; 
  • меҳмонларни жамиятга интеграция қилиш билан боғлиқ масалаларни мунтазам равишда муҳокама қилиш ҳамда бу борадаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва муаммоларни ҳал қилишга қаратилган чоралар кўриб бориш;
  • меҳмонларни қўллаб-қувватлаш бўйича қисқа ва узоқ муддатларга мўлжалланган таклифларни ишлаб чиқиш, жойларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини мониторинг қилиш.

Шунингдек, Республика комиссияси бир ой муддатда меҳмонлар эҳтиёжлари ва имкониятларини баҳолаш орқали уларнинг жамиятга интеграциясини таъминлаш бўйича ҳар бир оила учун зарур бўлган ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш режаларини ишлаб чиқиб, тасдиқлаши топширилган.

Фармонда белгиланишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Республика комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади, меҳмонлар билан маҳалла даражасида бевосита ишлар “маҳалла еттилиги” ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан ташкил этилади.  Меҳмонлар учун ишлаб чиқилган ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш режалари республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда уларнинг бўлинмалари учун мажбурий ҳисобланади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ногиронликка олиб келувчи касалликларга чалинган меҳмонларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган даволаниш муддатидан қатъи назар ногиронликни белгилаш чораларини кўради. Агентлик икки ҳафта муддатда меҳмонларга зарур иш стажига эга бўлмаган кекса фуқароларга бериладиган нафақа тайинланишини таъминлайди.

Шу билан бирга, фармонда ҳар бир меҳнат ёшидаги фаластинлик (I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар бундан мустасно) учун ҳар ойда минимал истеъмол харажатлари миқдорида яшаш нафақаси жорий этилиши, меҳмонларнинг ҳар бир оиласига яшаш манзили бўйича уй-жойнинг ижара харажатлари қоплаб берилиши, меҳмонларга фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа ҳамда дафн этиш учун нафақа тўлови Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган миқдорда тўланиши, меҳмонларнинг ҳар бир оиласига бирламчи зарурий воситалар (оилада ишлатиладиган ноозиқ-овқат маҳсулотлари тўплами) хариди учун бир марталик кўтарма пул қўшимча равишда тўлаб берилиши, меҳмонларнинг оила аъзоларига шахсий ҳамроҳлик қилиш ва индивидуал кўмак кўрсатиш, шунингдек, уларнинг эҳтиёжлари ва индивидуал талабларини рўёбга чиқариш мақсадида биттадан маҳалладаги ижтимоий ходим бириктирилиши белгиланган. 

Фармонда Ўзбекистонга келтирилган фаластинликларнинг фарзандларини таълимга жалб қилиш масаласи ҳам ўрин олган. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қуйидаги чораларни кўриши белгиланган:

  • меҳмонлар яшаш манзиллари бўйича уларнинг фарзандларини давлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга жойлаштириш;
  • меҳмонларнинг ҳар бир фарзанди ўқув ва тарбия жараёнига мослашиши учун мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларнинг директорлари ўринбосарларини бириктириш;
  • Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда таълим ташкилотларида меҳмонлар фарзандларининг мослашуви ва ҳар томонлама камол топиши юзасидан доимий мониторинг амалга ошириш.

Бундан ташқари, ҳужжатда қуйидагилар белгиланган:

  • меҳмонлар давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўловидан 2028 йил 1 январига қадар озод этилади;
  • меҳмонларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга навбатга қўйилмаган ҳолда, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари талабномаси асосида жойлаштирилади;
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 январдаги “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–12-сон қарори доирасида меҳмонларнинг фарзандларини давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида қўшимча таълимга (касб-ҳунар, ахборот технологиялари, олий таълим ташкилотларига тайёрлаш йўналишида) жалб қилиш ҳамда уларни ўқитиш харажатларининг 100 фоизи Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги эса икки ой муддатда меҳмонларнинг хорижий давлатда умумий ўрта махсус, касб-ҳунар (профессионал), олий таълим, қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълими олганлик тўғрисидаги ҳужжатларини тан олишни тест синовларисиз ва йиғим ундирмаган ҳолда амалга оширади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонга келтирилган фаластинликларнинг яшаш манзиллари бўйича оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида ҳисобга қўйилишини таъминлайди ва уларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатишда камбағал оилаларга мансуб шахслар тоифаси қаторида йўлланма ажратиб боради. 

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги эса Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистонга келтирилган фаластинликларнинг хоҳишига кўра уларнинг бандлигини таъминлаш, замонавий касб-ҳунарни эгаллашига кўмаклашиш бўйича Республика комиссиясига таклифлар киритиши белгиланган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Марказий банк, АТ “Халқ банки” ва бошқа тижорат банклари тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган меҳмонларни оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш”, “Бизнесга биринчи қадам” ва “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурлари доирасида тадбиркорликка жалб қилиш чораларини кўриши топширилган. Бунда дастурлар доирасида Ўзбекистонга келтирилган фаластинликлар молиявий кўмаклардан фойдаланиши учун буюртмалар қабул қилиш ва ажратилган маблағлардан фойдаланишни мониторинг қилиш ҳоким ёрдамчилари ва маҳалла банкирлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг меҳмонларни ҳамжиҳатликда маҳалланинг маънавий муҳитига қўшиш бўйича “маҳалла еттилиги” ва бошқа вакилларга қўшимча вазифаларни юклаш тўғрисидаги таклифига розилик берилган.

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бир ой муддатда “маҳалла еттилиги” ва бошқа вакилларга қўшимча юклатилган вазифаларга асосан ички дастурларни қабул қилади ва режа-жадвалга мувофиқ зарур чоралар кўриб боради.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг меҳмонларнинг масалаларини ҳал этиш чора-тадбирларини молиялаштириш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузурида юридик шахс мақомисиз махсус жамғармани ташкил этиш тўғрисидаги таклифи ҳам маъқулланган.

Махсус жамғарма қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

  • юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
  • халқаро ташкилотларнинг грантлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар; 
  • махсус жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларига депозитга қўйишдан олинган фоиз тарзидаги даромад;

Махсус жамғарма маблағлари меҳмонларнинг қуйидаги эҳтиёжларига йўналтирилади:

  • зарур шарт-шароитлар яратиш ва тегишли хизматларни ташкил этиш;
  • турли харажатларни қоплаш ва қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш;
  • моддий ёрдам кўрсатиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирларини амалга ошириш.

Ўрнатиладиган тартибга мувофиқ:

  • махсус жамғарма маблағларини тасарруф этиш Республика комиссияси қарори асосида амалга оширилади;
  • махсус жамғарма харажатлар йўналишларига ўзгартириш киритиш Республика комиссияси қарорига мувофиқ амалга оширилади;
  • меҳмонларга жисмоний ва юридик шахслар томонидан беғараз бериладиган мол-мулклар (уй-жой ва автомототранспорт) маҳаллий ҳокимликлар балансига ўтказилиб, Республика комиссияси томонидан тасарруф этилади.

Бош прокуратура Ижтимоий инспекция билан биргаликда ушбу Фармоннинг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишини мунтазам равишда назорат қилиб бориши, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги  билан биргаликда бир ой муддатда меҳмонларга яшаш гувоҳномаси (ID-карта) расмийлаштирилишини ҳамда уларнинг рўйхатдан ўтказилишини таъминлаши белгиланган.

Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий ҳимоя бўйича маслаҳатчиси – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров белгиланган. Фармон ижросини назорат қилиш ва ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш эса Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси Сардор Умурзоқов зиммасига юкланган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 11 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев навбатдан ташқари араб-ислом саммитида нутқ сўзлаб, урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволашга тайёр эканини билдирган эди. Шундан сўнг QALAMPIR.UZ бунинг учун мамлакат тиббиёт тизими қай даражада тайёр эканига қизиқди ва Соғлиқни сақлаш вазирининг болалар ва аёллар масалалари бўйича ўринбосари Элмира Боситхонова билан боғланганди. У фаластинлик болаларни даволашга Ўзбекистоннинг имконияти етарли эканини айтганди.

2024 йил 27 декабрь куни 100 нафар яраланган фаластинлик болалар ва аёллар ҳамда уларнинг ҳамроҳлари Ўзбекистонга эвакуация қилинди. Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчиси Мансурбек Қиличевга кўра, эвакуация қилинган фаластинликлар Ўзбекистонда меҳмон бўлиб, ўз ватанларига қайтгунларига қадар мамлакатдаги шароитлардан фойдаланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон фаластинликлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг