Мирзиёев Цзиньпин билан учрашди

Жамият

image

Бугун, 17 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан музокара ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув аввалида Мирзиёев таклиф ва кўрсатилаётган самимий қабул учун Хитой етакчисига миннатдорлик билдирган. 

Ўзбекистон раҳбари ХХР Раисини Хитой ташкил топган кун ҳамда “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг ўн йиллик юбилейи билан дилдан қутлаган.

“Макон ва йўл” ташаббуси қисқа тарихий давр ичида умумий тараққиёт ва равнаққа эришиш йўлидаги ҳамкорлик учун муҳим, инклюзив ва очиқ платформага айланди. ХХР Раисининг “Яшил ипак йўли” ташаббуси илк бор 2016 йилда Ўзбекистонда билдирилгани чуқур рамзий маънога эга”, деган Шавкат Мирзиёев.

Музокаралар давомида Ўзбекистон Хитой билан кўп қиррали муносабатларни янада чуқурлаштиришга қатъий интилиши алоҳида таъкидланган. Шунингдек, ҳар томонлама стратегик шерикликни янги даврда ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур амалга оширилмоқда. 

Қайд этилишича, кейинги йилларда Хитой инвестициялари ҳажми беш баробар, қўшма корхоналар сони уч баробар кўпайган. Жорий йил бошидан буён ўзаро савдо ҳажми 36 фоизга ошган. Йил якунигача ушбу кўрсаткич 10 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.

Суҳбатда товар айирбошлашни яқин беш йилда 20 миллиард долларга етказиш учун барча асослар борлиги ҳақида якдил фикр билдирилган.

Музокараларда Ўзбекистон юқори қўшилган қийматли инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни биргаликда ташкил этиш орқали юқори технологик лойиҳаларни кўпайтиришдан манфаатдорлиги билдирилган. 

Шу билан бирга, Хитойнинг етакчи банклари ва “Ипак йўли” фонди билан самарали ҳамкорликка юқори баҳо берилган. 

“Ҳудудлараро алоқалар фаоллашгани қайд этилди. Йил бошидан Ўзбекистонга Шинжон-Уйғур автоном ҳудуди, Шэньси, Шаньдун, Цзянсу ва Цзянси музофотлари делегациялари ташриф буюрди. Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш борасида самарали тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратилди”, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

Айтилишича, учрашувда барча келишувлар ижросининг боришини кўриб чиқиш мақсадида Ҳукуматлараро қўмитанинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш таклиф қилинган.

Бундан ташқари, етакчилар маданият, таълим ва туризм соҳаларида қизғин ҳамкорликни юксак баҳолаган. Хитой 2023 йилни “Марказий Осиё ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йили” деб эълон қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирилган.

Маълум қилинишича, яқинда Ханчжоудаги Ипак миллий музейида Ўзбекистоннинг тақдимоти бўлиб ўтган. Пекиндаги “Гугун” саройи музейида “Макон ва йўл” ташаббуси доирасидаги Археологик ҳамкорлик кўргазмасида Ўзбекистон тарихий мероси экспозицияси ташкил этилган. Октябрь ойи охирида Ўзбекистонда Хитой маданияти кунлари, келгуси йил баҳорида эса Хитойда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш режалаштирилган.

Суҳбат давомида Ўзбекистонда, айниқса ёшлар орасида хитой тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган. 

“Тошкент ва Самарқанддаги Конфуций институтининг самарали фаолияти бунга катта ҳисса қўшмоқда. Хитой тилини ўқитишни ва ёш олимлар ўртасидаги алмашинувни кенгайтириш режалари белгилаб олинди”, дейилади хабарда.

Ўзбекистон Президенти Тошкентда Хитойнинг етакчи Цинхуа университети ва Пекин университети филиалларини очишни таклиф қилган.

Бундан ташқари, етакчилар минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашган. 

“Ягона Хитой” сиёсати ҳамда “уч ёвуз куч”га қарши курашиш борасидаги позиция ўзгармас экани тасдиқланди.

Учрашувда илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинган.

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ХХР Раисини ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви – Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан учрашганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Хитой Си Цзиньпин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг