Мирзиёев Татаристон раисини қабул қилди

Жамият

image

Бугун, 24 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Татаристон Республикаси раиси Рустам Миннихановни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Айтилишича, учрашувда устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва маданий-гуманитар алмашинувларни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Қайд этилишича, томонлар ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми ортаётгани, Тошкент вилоятида “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки муваффақиятли фаолият юритаётгани ҳамда Россия делегациясининг мазкур ташрифи давомида янги лойиҳага – Жиззах вилоятида технопарк барпо этишга старт берилганини қайд этган. 

Бундан ташқари, нефть-кимё ва машинасозлик тармоқларида йирик кооперация лойиҳалари амалга оширилаётгани айтилган. Шунингдек, Қозон федерал университетининг Жиззах шаҳридаги филиали фаолияти кенгайтирилаётгани таъкидланган.

Учрашув чоғида иқтисодиётнинг турли тармоқларида ишбилармонлар ўртасидаги шерикликка оид истиқболли лойиҳалар, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам янги индустриал паркларни очиш ва мавжудларини ривожлантириш, инновациялар, кичик бизнес ва ахборот технологиялари соҳаларида ҳамда коммунал тармоқларни модернизация қилиш бўйича ҳамкорлик дастурларини қабул қилиш масалалари муҳокама қилинган.

Шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтаётган “Иннопром. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси ишида Россия ишбилармон доиралари делегацияси таркибида Татаристоннинг компания ва корхоналари фаол иштирок этаётгани таъкидланган. Учрашув якунида давлат раҳбари йўл харитаси асосида қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш юзасидан тизимли ишларни ташкил этиш муҳимлигини қайд этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Рустам Минниханов Татаристон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг