Мирзиёев спортчиларни табриклади
Спорт
−
13 Февраль
4997Бугун, 13 февраль куни Ўзбекистон Президенти, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Шавкат Мирзиёев раислигида 2028 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарликни кучайтириш, оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
“Ўз олдига буюк мақсадлар қўйган халқ фақат соғлом ва бақувват бўлган тақдирдагина кўзлаган марраларига эриша олади. Эл-юртнинг соғлом бўлиши, улкан ишларга қодир бўлишида эса, ҳеч шубҳасиз, жисмоний тарбия ва спортнинг аҳамияти беқиёс. Бугун биз дунёга очиқ, ижтимоий ва иқтисодий ривожланган давлат – Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича ўз олдимизга катта мақсадлар қўймоқдамиз”, дейди Президент.
Видеоселекторда Президент жисмоний тарбия ва спортсиз баркамол авлодни тарбиялаб бўлмаслигини билдирди.
“Ҳар бир инсон, ҳар бир ота-онанинг орзуси ва нияти жисмоний ва маънавий баркамол авлодни тарбиялашдир. Бунга эса жисмоний тарбия ва спортсиз эришиб бўлмайди. Бир сўз билан айтганда, спорт – соғлом халқ, соғлом жамиятнинг таянч устунидир. Шу билан бирга, спорт – бу аввало тинчлик элчиси, ҳар бир давлат учун миллий ғурур манбаи”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Кеча қишки Осиё ўйинларида Ўзбекистон спортчилари сўнгги 26 йилда илк бор фигурали учиш бўйича жуфтликлар орасида олтин медални қўлга киритгани мамлакат спорт тарихида янги саҳифа бўлгани таъкидланди. Шу билан бирга, футбол бўйича Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси Бангладешда ўтган Осиё чемпионати ғолибига айлангани, Таиландда велоспорт ва пара велоспорт бўйича Осиё чемпионатида ёшлар умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллагани қайд этилди.
Президент барча спортчилар, уларнинг мураббий ва ота-оналарини қўлга киритилган юксак ютуқлар билан табриклади.
LiveБарчаси