Мирзиёев Санкт-Петербург губернаторини қабул қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 10 сентябрь куни Санкт-Петербург шаҳри губернатори Александр Беглов бошчилигидаги Россия делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Ўзбекистон – Россия ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янада кенгайтириш, энг аввало, Санкт-Петербург шаҳри билан иқтисодий кооперация лойиҳалари ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичлари ўсаётгани мамнуният билан қайд этилди. Айтилишича, ўтган йил якунларига кўра ҳудудлар даражасидаги экспорт-импорт ҳажми 20 фоизга ошган. Тошкент шаҳрида Ишбилармонлик маркази фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, Янги Тошкент ҳудудида “Петербург мавзеси”ни барпо этиш лойиҳасини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Россия делегациясининг бу галги ташрифи чоғида металлургия, ускунасозлик, йўл қурилиши, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, логистика ҳамда бошқа соҳаларда 23 та кооперация лойиҳасини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” қабул қилинди.

Хусусий тиббиёт, таълим, коммунал хўжалик, рақамли технологиялар, миграция ва туризм соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар қўллаб-қувватланди. Фаол гуманитар алоқаларни давом эттириш ва қўшма маданий тадбирларни мунтазам ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Жорий йилнинг октябрь ойида икки мамлакат ҳудудлари кенгашининг иккинчи йиғилишини самарали ўтказишга қаратилган чора-тадбирларни кўришга келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 сентябрь куни Хитойнинг Пекин шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия раҳбари Владимир Путиннинг учрашуви бўлиб ўтганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Александр Беглов Санкт-Петербург губернатори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг