Мирзиёев Раҳмон билан тор доирада учрашув ўтказди
Жамият
−
02 Июнь 2022
4478Аввал хабар берганимиздек, бугун, 2 июнь куни Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. “Кўксарой” қароргоҳида олий мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Шундан сўнг, икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон тор доирада учрашув ўтказдилар.
Давлат раҳбарлари биродар халқлар ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига асосланган ўзаро манфаатли Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган.
Музокараларда асосий эътибор икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг кун тартибини тубдан кенгайтириш масалаларига қаратилган.
“Кейинги олти йилда ҳамкорликнинг барча йўналишларда ютуқларга эришилди. Олий даражадаги музокаларда эришилган келишувлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари, ҳудудлари ўртасида мунтазам алмашинувлар йўлга қўйилган”, дейилади расмий Тошкент хабарида.
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон кўп қиррали Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклигини янада ривожлантириш йўлидан қатъий боришларини тасдиқлаган.
Давлат раҳбарлари савдони фаол кенгайтириш ва саноат кооперациясини кучайтириш, икки мамлакатнинг логистика ва транзит имкониятларини ривожлантириш ҳамда сув энергетикаси лойиҳаларини амалга ошириш орқали муносабатларни янги амалий мазмун билан бойитишга тайёр эканликларини билдирганлар.
Минтақавий ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилган, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинган.
Кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга томонларнинг интилиши қатъий экани таъкидланган.
LiveБарчаси