Мирзиёев Путиннинг BRICS’даги таклифига кўнди

Жамият

image

Ўзбекистон BRICS’да Россия Президенти Владимир Путин томонидан таклиф этилаётган Инвестиция платформасига қўшилишга тайёр. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 24 октябрь куни “BRICS плюс” саммитининг ялпи мажлисида маълум қилди.

“BRICS’нинг БМТнинг Саноатнинг ривожланиши бўйича ташкилоти (UNIDO) ҳузурида ташкил этилаётган Компетенциялар марказига, шунингдек, таклиф этилаётган Инвестиция платформасига қўшилишга тайёрмиз”, деди Мирзиёев.

Шунингдек, Президент BRICS мамлакатларининг глобал тенгсизлик ва иқтисодиётни инклюзив йўл билан қайта тиклаш муаммоларини ҳал этиш мақсадида ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги фундаментал содиқлигига қўшилишини билдирган.

“Бу ўринда гап, энг аввало, ривожланаётган мамлакатларнинг ўткир ижтимоий ва экологик таҳдидларни ҳал этиш, камбағаллик даражасини камайтириш, технологик тафовутларни қисқартириш ва инфратузилмани модернизация қилишга қаратилган миллий тараққиёт дастурларини фаол қўллаб-қувватлаш ҳақида бормоқда. Бунда кўп томонлама молия институтлари муҳим ўрин тутиши мумкин ва шарт. Ўзбекистон устувор инвестициявий ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун BRICS’нинг янги Тараққиёт банки билан яқин ҳамкорлик ўрнатишни режалаштирган”, деди Мирзиёев.

Шунингдек, Ўзбекистон инновация, рақамли иқтисодиёт, “яшил” тараққиёт ва энергетика, тўсиқларсиз электрон тижорат каби соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани қайд этилган.

“BRICS сунъий интеллект бўйича Тадқиқот гуруҳининг соҳадаги эҳтимолий хавфларнинг олдини олиш ва бошқарувнинг ягона стандартларини ишлаб чиқишга оид ҳамкорликдаги қўшма лойиҳаларида иштирок этишни мўлжалламоқдамиз.

BRICS’нинг БМТнинг Саноатнинг ривожланиши бўйича ташкилоти (UNIDO) ҳузурида ташкил этилаётган Компетенциялар марказига, шунингдек, таклиф этилаётган Инвестиция платформасига қўшилишга тайёрмиз”, деди Мирзиёев.

Президентнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон BRICS’даги шериклари билан биргаликда транспорт соҳасидаги боғлиқликни кучайтириш, янги трансконтинентал йўлакларни яратиш, етказиб беришнинг ишончли логистика занжирларини шакллантириш, каботаж ташувлар тизимини ривожлантириш борасида яқиндан иш олиб бориш ниятида. Шунингдек, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини бартараф этиш, соғлиқни сақлаш масалалари ҳам эътибор марказида бўлади.

“Ташкилот доирасида ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаймиз. Барча манфаатдор мамлакатларга BRICS’нинг Ишбилармонлар кенгашига қўшилиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этамиз”, деган Мирзиёев.

Маълумот учун, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин раислигида ўтказилган тадбирда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпин, Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса, Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Беларусь резиденти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян, Вьетнам Социалистик Республикаси Бош вазири Фам Минь Тинь, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, бошқа бир қатор давлатлар, халқаро ташкилотлар ва молиявий тузилмаларнинг раҳбарлари ҳамда юқори даражали вакиллари иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 октябрь куни  Россия Президенти Владимир Путин BRICS саммитининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида Инвестиция платформасини яратиш зарурлигини таъкидлаганди. Унинг сўзларига кўра, бу BRICS мамлакатлари иқтисодиёти салоҳиятини максимал даражада ошириш ва глобал иқтисодий ўсишдан фойдаланиш учун керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Владимир Путин BRICS Инвестиция платформаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг