Мирзиёев ОТБ вице-президентини қабул қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 17 сентябрь куни Наманган шаҳрида ўтаётган “Камбағалликдан фаровонлик сари” халқаро форуми доирасида Осиё тараққиёт банки вице-президенти Инмин Янгни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув аввалида вице-президент Инмин Янг давлат раҳбарига ОТБ раҳбари Масато Канданинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди ҳамда форум муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.

Суҳбат давомида Ўзбекистонда ислоҳотлар стратегиясини амалга ошириш доирасида ушбу етакчи халқаро молиявий институт билан ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Кейинги йилларда ҳамкорликда юксак даражага эришилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Бугунги кунда “яшил” энергетика, транспорт, рақамли трансформация, таълим ва бошқа йўналишлардаги лойиҳалар портфели 14 миллиард долларни ташкил этмоқда.

Ўзбекистон етакчиси ОТБ билан инфратузилма, давлат-хусусий шериклик, бизнес, ижтимоий соҳа ва капитал бозорини ривожлантириш бўйича янги лойиҳаларни ўз ичига олган кенг кўламли стратегик шериклик дастурини тайёрлаш муҳимлигини қайд этди.

Камбағалликка қарши курашиш, муҳим минералларни қайта ишлаш, бюджетни қўллаб-қувватлаш, қўшма инвестиция платформасини яратиш бўйича лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, банк Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишига тайёргарлик кўриш ва уни келгуси йилда Ўзбекистонда ўтказиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз,  Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 17 сентябрь куни Наманган шаҳрида 30 дан ортиқ нуфузли ташкилот ва 200 га яқин халқаро экспертлар иштирокидаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” халқаро форумининг очилишида нутқ сўзлаганди. Шундан сўнг Президентнинг  Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассир ва Жаҳон банкининг глобал директори Луис Фелипе Лопес-Кальвани қабул қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Наманган Осиё тараққиёт банки Инмин Янг

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг