Мирзиёев Нью-Йоркда ХВЖ бошқарувчи директорини қабул қилди
Жамият
−
22 Сентябрь 2025 3636 1 дақиқа
Бугун, 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрида Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристалина Георгиевани қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу нуфузли глобал тузилма билан шерикликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. ХВЖ раҳбари Кристалина Георгиева Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланишларга юксак баҳо бериб, ортга қайтмас ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
“Жамғарма билан макроиқтисодий сиёсат, бюджет ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш соҳаларида самарали ҳамкорлик қилинаётгани мамнуният билан қайд этилди. Мутахассисларимиз ХВЖ марказларида мунтазам равишда малака ошириш дастурларидан ўтмоқда. Жорий йилда мамлакатимиз молия соҳасининг барқарорлиги биргаликда баҳоланди ва "йўл харитаси" қабул қилинди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, учрашув давомида пул-кредит ва фискал сиёсатни ривожлантириш, статистика тизимини трансформация қилиш бўйича жамғарманинг экспертлик кўмагини давом эттириш, шунингдек, иқтисодий идоралар ходимлари учун ўқув дастурларини кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев айни дамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси тадбирларида иштирок этиш учун АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб турибди. Мирзиёевнинг эртага, 23 сентябрь куни БМТ минбарида нутқ қилиши режалаштирилган.
Live
Барчаси