Мирзиёев Мелонига Регистон ва “Боқий шаҳар”ни кўрсатди

Жамият

image

Кеча, 28 майкуни Италия Республикаси Бош вазири Жоржия Мелони расмий ташриф билан Самарқандга келгач, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Регистон майдонида бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

“UNESCO'нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган, дунёга машҳур Регистон майдони буюк аждодларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини акс эттирувчи мамлакатимизнинг асосий ташриф қоғозидир. Мажмуадаги Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасалари ўзининг улуғворлиги, бой тарихи ва бетакрор меъморчилиги билан юртимиз меҳмонларида чуқур таассурот қолдирмоқда”, дейилади хабарда.

Олий мартабали меҳмонга ушбу Шарқ шаҳарсозлиги дурдонасининг қурилиш тарихи, меъморий ечимлари ва безакларининг ўзига хос жиҳатлари, ушбу маскан билан боғлиқ муҳим воқеалар ва шахслар, шунингдек, ўзбек халқининг маданий мероси ҳақида батафсил маълумот берилди.

Сўнгра давлат раҳбарлари "Silk Road Samarkand" халқаро туризм марказидаги "Боқий шаҳар" тарихий-этнографик боғида бўлди. Ўзбек халқининг бой маданий мероси, ҳунармандчилик ва амалий санъатини акс эттирувчи кўргазмалар томоша қилинди. Рақс жамоаларининг чиқишларидан иборат маданий дастур намойиш этилди.

Италия Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи асосий тадбирлари бугун, 29 май куни бўлиб ўтади. Олий даражадаги музокаралар ва бошқа қатор икки томонлама тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган. Эртага, 30 май куни эса Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Италия Бош вазири Жоржия Мелони иштирокидаги биринчи саммит бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Мелони аввалига 25-27 апрель кунлари Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтадиган саммитда иштирок этиш учун Ўзбекистонга, кейин эса Қозоғистонга боришни режалаштирган эди. Бироқ 21 апрель куни Рим папаси Францискнинг вафоти ва ундан кейинги мотам тадбирлари туфайли ташрифлар қолдирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Самарқанд Италия Регистон Жоржия Мелони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг