Мирзиёев мамлакатлар олдида турган “жиддий синов” ҳақида гапирди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 2 март куни Озарбайжоннинг Баку шаҳрида Президент Илҳом Алиев раислигида ўтган Қўшилмаслик ҳаракатининг навбатдаги саммитида дунё мамлакатлари олдида турган “жиддий синов” ҳақида сўз очди. 

Давлат раҳбари муҳим мавзу – давом этаётган иқтисодий инқироз асоратларини юмшатиш масаласига эътибор қаратди.

“Озиқ-овқат маҳсулотлари, сув ва энергетика ресурсларининг тобора тақчил бўлиб бораётгани мамлакатларимиз ижтимоий-иқтисодий тизимлари учун жиддий синов бўлмоқда. Минг афсуски, бундай қийин вазиятда энг катта оғирлик ва салбий таъсир, аввало, айнан ривожланаётган давлатлар зиммасига тушмоқда”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари ўзаро амалий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма дастурлар ва йирик лойиҳаларни илгари суриш учун кенг иқтисодий имкониятлар эшигини очиб бериш мақсадида Қўшилмаслик ҳаракати саммитлари арафасида Иқтисодий форумларни мунтазам ўтказиб боришни таклиф этган. 

Бундай муҳим тадбирлар инновациялар, замонавий билим ва илғор технологиялар алмашувини жадаллаштиришга, умуман олганда, тўртинчи саноат инқилоби, хусусан, “ақлли” иқтисодиётни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қилиши айтилган. 

Ўзбекистон Президенти пандемиянинг салбий таъсирини, биринчи галда, ўсиб келаётган ёшлар ҳис қилаётганини кўрсатиб ўтган. Уларнинг сифатли таълим ва профессионал билим олиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш ва спорт билан шуғулланиш имкониятлари кескин камаймоқда.

“Энг ёмони, ёш авлоднинг келгусида ҳаётда ўз муносиб ўрнини топишига бўлган ишончи ва қатъияти сусаймоқда. Шунингдек, минглаб ёшларнинг онгу тафаккурига бузғунчи ва радикал мафкуралар таъсири ҳам тобора кучаймоқда”, дейди Ўзбекистон раҳбари.

Бу борадаги сиёсат ва режаларни уйғунлаштириш, тўпланган тажриба билан ўртоқлашиш мақсадида Ўзбекистон Қўшилмаслик ҳаракати Ёшлар тармоғининг “Чексиз имкониятлар саммити”ни келгуси йил жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлган кўҳна Самарқандда ташкил этиш ниятида эканлиги таъкидланди.

Сўзининг якунида Мирзиёев Озарбайжон томонини Қўшилмаслик ҳаракатига самарали раислик қилаётгани ва саммит муваффақиятли ўтгани билан яна бир бор самимий табриклаган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Қўшилмаслик ҳаракати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг