Мирзиёев Қувайт Бош вазирини қабул қилди

Олам

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қувайтга ташрифи доирасида ўзи учун ажратилган қароргоҳда ушбу мамлакат Бош вазири вазифасини бажарувчи, Ички ишлар вазири Шайх Фаҳд ас-Сабоҳ бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Қувайт томонидан Молия ва инвестициялар вазири Нура Сулаймон ал-Фассам, Савдо ва саноат вазири Халифа Абдулла ал-Аскар ҳамда Инвестиция агентлиги директори Шайх Сауд ас-Сабоҳ ҳам иштирок этди.

Қайд этилишича, бугун бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар якунида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган.

“Икки давлат раҳбарларининг Ўзбекистон-Қувайт муносабатларини кенг қамровли шериклик даражасига олиб чиққан учрашуви самарали бўлгани катта мамнуният билан қайд этилди.

"Марказий Осиё - Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" саммитида иштирок этиш учун Қувайт Амирининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифига биргаликда тайёргарлик кўриш муҳимлиги қайд этилди”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Шу нуқтаи назардан, Қўшма инвестиция платформаси ва Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, логистика ва транспорт, гидроэнергетика, инфратузилма, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва бошқа тармоқлардаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш муҳимлиги қайд этилган.

"Йўл харитаси"га киритилган кооперация дастурлари ва лойиҳаларини илгари суриш мақсадида фаол мулоқотлар ва ўзаро ташрифларни ташкил этишга келишиб олинган.

Шунингдек,  Президент Ал-Қувайт шаҳрида Қувайт Ташқи ишлар вазири Абдулла ал-Яҳё билан ҳам учрашув ўтказган.

“Кувайтга амалга оширилаётган тарихий ташриф давомида эришилган келишувлар доирасида фаол сиёсий мулоқотни давом эттириш, савдо-иқтисодий ва инвестиция-молиявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди”, дейилади хабарда.

Ўзбекистон билан Қувайт ўртасида кенг қамровли шериклик муносабатларини ривожлантириш бўйича олий даражада қарор қилингани катта мамнуният билан қайд этилган.

Бундан ташқари, ташқи сиёсий идоралар ўртасида мунтазам маслаҳатлашувларни ташкил этиш ва Самарқанд шаҳрида ўтадиган "Марказий Осиё - Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" саммитига биргаликда тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланган.

Ташриф доирасида Қувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси билан янги ҳамкорлик дастури имзолангани юқори баҳоланган.

Озиқ-овқат хавфсизлиги, саноат кооперацияси, инфратузилма, туризм ва бошқа йўналишларда лойиҳаларни илгари суриш ҳамда мамлакатлар ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ал-Қувайт шаҳридаги “Ал-Баян” саройидаги музокаралар якунлангач, Президент Шавкат Мирзиёев шарафига Қувайтдаги дипломатик миссиялар раҳбарлари иштирокида тантанали қабул маросими уюштирилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қувайт Шайх Фаҳд ас-Сабоҳ Абдулла ал-Яҳё

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг