Мирзиёев “қора шаҳзода” билан учрашиб, келгуси режаларни келишиб олди
Жамият
−
20 Июль 2023
9440Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 июль куни Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ва Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг биринчи саммити доирасида Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди, Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашув ўтказди.
Валиаҳд Ўзбекистон раҳбарини бўлиб ўтган Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан дилдан қутлаб, Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаган.
Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, Саудия Арабистони раҳбариятига Ўзбекистон фуқаролари Ҳаж ва Умра амалларини адо этишларига яратилган шароитлар учун самимий миннатдорлик билдирган.
Музокараларда Ўзбекистон-Саудия муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилган.
Ўтган йилнинг август ойида ўтган икки томонлама саммит давомида қабул қилинган битим ва келишувларни сўзсиз амалга ошириш муҳимлиги таъкидланган.
Қайд этилишича, жорий йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми 20 фоизга, қўшма корхоналар сони икки баробарга ошган. Етакчи “Acwa Power” компанияси иштирокида “яшил” энергетикада муҳим лойиҳаларни амалга ошириш бошланган. “Яшил водород”, нефть-кимё, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тиббиёт, туризм ва бошқа тармоқларда йирик инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.
Учрашувда халқаро сиёсат масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг амалий ташрифи якунланди, давлат раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.
LiveБарчаси