Мирзиёев Эрдўғанга таъзия билдирди
Жамият
−
21 Январь
6287Бугун, 21 январь куни Туркиянинг Болу музофотидаги тоғ-чанғи курортида юз берган кучли ёнғин оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга ҳамдардлик йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
"Қардош Туркия етакчиси ва халқига чуқур таъзия изҳор этиб, давлатимиз раҳбари марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига сабр-тоқат ва бардамлик, жабрланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади", дейди Асадов.
Маълумот учун, бугун, 21 январга ўтар кечаси ёнғин содир бўлган тоғ-чанғи курорти денгиз сатҳидан 2,2 минг метр баландликда, Кероғлу тоғ тизмасида жойлашган бўлиб, Туркиядаги муҳим дам олиш масканларидан бири ҳисобланади. Ёнғин содир бўлган куни меҳмонхона талаба ва ўқувчиларнинг таътили сабабли 80-90 фоиз тўлган бўлган.
Туркия Ички ишлар вазирлиги мазкур ёнғин оқибатида 66 киши вафот этгани ва 51 киши тан жароҳати олганини маълум қилган. Дастлабки маълумотларга кўра, вафот этган ва жароҳат олганлар орасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мавжуд эмас.
Меҳмонхона ходимларидан бири ёнғин зинапояси мавжудлигини, лекин у меҳмонхонанинг ичида, жуда мантиқсиз қурилганини айтган. Ҳодиса юзасидан тергов бошланган ва 4 киши, жумладан, меҳмонхона эгаси ҳам қўлга олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ёнғин меҳмонхона комплексининг ресторан қисмида бошлангани хабар қилинганди. Қутқарувчилар дам олувчиларни эвакуация қилган ва улар курортдаги тўртта меҳмонхонага жойлаштирилган.
LiveБарчаси