Туркияда ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар сони 66 кишига етди (видео)
Олам
−
21 Январь
3471Туркиянинг Карталкая тоғ-чанғи курортидаги меҳмонхонада содир бўлган ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар сони 66 кишига етди, 51 киши жароҳатланди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазири Али Ерлиқояга таяниб, “Haber Global” хабар берди.
Вазирнинг сўзларига кўра, ёнғин пайтида меҳмонхонада 238 нафар рўйхатдан ўтган меҳмон бўлган. Ёнғин жорий йил 21 январга ўтар кечаси Болу вилоятидаги Карталкая тоғ-чанғи курортида жойлашган 12 қаватли ёғочдан қурилган меҳмонхонада бошланган ва тезда бутун бинони қамраб олган.
CNN Turk маълумотига кўра, ёнғин меҳмонхона комплексининг ресторан қисмида бошланган. Қутқарувчилар дам олувчиларни эвакуация қилган ва улар курортдаги тўртта меҳмонхонага жойлаштирилган.
“Ҳамма деразадан сакраётган эди – ёши катталар ҳам, ёшлар ҳам. Бир отанинг қучоғидаги бола ҳалок бўлди. Жуда кўп масъулиятсизликлар бўлган. Ёнғин зинапояси бор, лекин у меҳмонхонанинг ичида, жуда мантиқсиз қурилган. Меҳмонхона бутунлай ёғочдан ясалган. Кичик бир учқундан аланга ёйилиб кетди. Ёнғин ресторандан бошланди. Меҳмонхонанинг ўзига тегишли ёнғин ўчириш машинаси ва тез ёрдам машинасининг йўқлиги мутлақо бошқа масала. Қандай катта қамровли меҳмонхона эди. Меҳмонхона юз фоиз тўлганди”, дейди ушбу меҳмонхона ходимларидан бири.
Тоғ-чанғи курорти денгиз сатҳидан 2,2 минг метр баландликда, Кероғлу тоғ тизмасида жойлашган бўлиб, Туркиядаги муҳим дам олиш масканларидан бири ҳисобланади. Ёнғин содир бўлган куни меҳмонхона талаба ва ўқувчиларнинг таътили сабабли 80-90 фоиз тўлган бўлган.
Ҳодиса юзасидан тергов бошланган ва 4 киши, жумладан, меҳмонхона эгаси ҳам қўлга олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳодиса оқибатида 6 кишининг ҳалок бўлгани ва 32 кишининг жароҳатлангани хабар қилинганди.
LiveБарчаси