Мирзиёев электр узилган биринчи тунда нимадан қўрққанини айтди
Жамият
−
29 Январь 2022
59077Жорий йилнинг 25 январь куни мамлакат электр таъминотида кенг кўламли узилиш рўй берганда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарёдаги иссиқлик электр станцияси ёниб кетишидан қўрққан. Бу ҳақда президент Мирзиёевнинг ҳафталик фаолиятига бағишланган “Менимча” лойиҳасининг учинчи сонида айтиб ўтилди.
“Биринчи ОАВдан одамларни огоҳлантиришни сўрадим, чунки халқ саросимага тушиб қолиши мумкин эди. Метродан қанча одам чиқарилди, тоғдан неча киши олиб чиқилди, нечта светофор ишлаяпти, қаерда "ГАИ" турибди, телефон нима бўлди – булар ҳақида ҳар дақиқа хабар бердик. Ҳаммани "бақиртирдим", бақиринглар дедим. Ҳеч ким ухлагани йўқ кечаси, бирорта одамни йўқотмайлик деб ҳаракат қилдик.
Бу жуда катта офат бўлди, шунчаки ҳисоблагични очиб тузатадиган авария эмас. Ҳамма нарсани ўчиришимизга тўғри келди. Мен станция ёниб кетишидан қўрқдим. Сирдарёдаги станция ёниб кетган, 1982 ёки 1983 йил эди. Мана шундай авария бўлган, олтита станциянинг ҳаммаси ёниб кетган. Шу сабаб бош вазир билан доимий алоқада бўлдим, бир кунда қанча сочимиз оқарди”, деган Президент видеоселектор вақтида электрдаги узилишга тўхталиб.
“Конец света”
Жорий йилнинг 25 январь куни соат 11:00 ларда Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида электр энергияси таъминоти узилди. Бунинг ортидан поездларнинг манзилга етиб бориш вақти кечиктирилди. Электрдаги узилиш сув таъминотини ҳам тўхтатиб қўйди.
Кейинроқ, қўшни мамлакатлар — Қозоғистон ва Қирғизистоннинг қатор ҳудудларида ҳам электр энергияси узилди. Ўзбекистонда эса барча аэропортлар фаолияти чекланди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, Қозоғистон Электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида Олма-ота, Чимкент, Тарас, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида Электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келган.
Қозоғистон томони кейинроқ таъминот тиклангач, узилиш Сирдарё ИЭС сабаб юз берганини эълон қилди. Аммо бунга Ўзбекистон томони муносабат билдирмади.
LiveБарчаси