Мирзиёев Дубай валиаҳди билан учрашди

Жамият

image

Бугун, 27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, Мудофаа вазири, Дубай Амирлиги валиаҳди Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад Ол Мактум бошчилигидаги делегация билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда кўп қиррали шерикликни янада ривожлантириш, иқтисодий ва инвестициявий лойиҳаларни илгари суриш, мудофаа соҳасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

БАА делегацияси таркибида учрашувда Ҳукумат ишлари вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ аль-Гергавий, Энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл бин Муҳаммад ал-Мазруий, Иқтисодиёт вазири Абдуллоҳ бин Тук ал-Маррий, Сунъий интеллект масалалари ва рақамли иқтисодиёт бўйича давлат вазири Умар бин Султон ал-Олама ҳам қатнашди.

Суҳбат аввалида Шайх Ҳамдан Ол Мактум Ўзбекистон Президентига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, БАА Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён ва мамлакат Бош вазири, Дубай Амири Шайх Муҳаммад Ол Мактумнинг самимий саломини етказди.

Учрашувда инвестициялар, инновацион ривожланиш, "яшил" энергетика, инфратузилма, таълим, соғлиқни сақлаш, экология, рақамли трансформация, туризм ва бошқа муҳим йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги узоқ муддатли кун тартибини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

"Бугун куннинг биринчи ярмида ўтказилган ўзаро манфаатли ҳамкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича қўшма форум ҳамда икки томонлама ҳукуматлараро ва идоралараро музокараларнинг самарали якунлари юксак баҳоланди.

Стратегик тармоқларда кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича "йўл харитаси"ни қабул қилишга келишиб олинди", дейилади хабарда.

Таъкидлаш жоизки, БАА Ўзбекистоннинг Осиё минтақасидаги асосий ҳамкорларидан биридир. Охирги олий даражадаги мулоқотлар ўтган йил декабрь ойида Дубай шаҳрида бўлиб ўтган Глобал иқлим саммити доирасида бўлиб ўтган эди.

Товар айирбошлаш 2023 йилда 21 фоизга ўсиб, 626 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистонда Амирликлар капитали иштирокида 320 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Амалга оширилаётган ва истиқболли инвестиция лойиҳалари портфели қарийб 20 миллиард долларни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум билан учрашганди. Мулоқот давомида турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик масалаларининг кенг доираси, шунингдек, устувор йўналишларда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон БАА Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад Ол Мактум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made