Мирзиёев БМТ Контртеррор бошқармаси раҳбари билан учрашув ўтказди
Жамият
−
15 Май
2649Шавкат Мирзиёев қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Минтақавий экспертлар кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатда бўлиб турган БМТ Бош котибининг ўринбосари – Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари Владимир Воронковни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида Владимир Воронков давлат раҳбарига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг саломи ва тилакларини етказган. Ўзбекистоннинг БМТ институтлари ва тузилмалари билан, энг аввало, терроризм ва бошқа трансмиллий хатар ва таҳдидларга қарши кураш соҳасидаги амалий ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.
Терроризмга қарши кураш бошқармаси фаолиятини қўллаб-қувватлагани учун мамлакат раҳбарига миннатдорлик билдириб, Владимир Воронков Минтақавий экспертлар кенгашини ташкил этиш ташаббуси амалга оширилгани учун Ўзбекистон томонига алоҳида миннатдорлик билдирган. Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ушбу ноёб механизмнинг биринчи йиғилиши муваффақиятли якунлангани таъкидланган.
БМТ Бош котибининг ўринбосари, шунингдек, Ўзбекистоннинг можаролар ҳудудларидан фуқароларни қайтариш, уларни реабилитация қилиш ва жамиятга қайта интеграция қилиш, жумладан, бунда маҳалла институтининг кенг имкониятлари ва салоҳиятидан фойдаланиш бўйича саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган.
Ўзбекистон ва БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини назарда тутувчи 2024–2025 йилларга мўлжалланган янгиланган "йўл харитаси" имзолангани қайд этилди. Ёшларни экстремизм ва терроризм ғояларининг бузғунчи таъсиридан ҳимоя қилиш, кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ва БМТ институтларида ёш мутахассислар учун стажировкалар ташкил этишга қаратилган қўшма тадбирларни ўтказиш масалаларига эътибор қаратилган.
Афғонистон масаласи юзасидан фикр алмашилди. Бу мамлакатдаги вазиятга халқаро эътиборни кучайтириш, афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш муҳимлиги таъкидланган.