Мирзиёев БМТ Бош котиби билан учрашди
Жамият
−
01 Июль
3545Бугун, 1 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбатда глобал ва минтақавий тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари, барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳолати муҳокама қилинди. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Давлат раҳбари Бош котибнинг халқаро хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, БМТ ва унинг асосий органларини ислоҳ қилиш ҳамда 2024 йилда Нью-Йорк шаҳрида Келажак саммитини ўтказиш ташаббусларини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди.
Минтақада транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, озиқ-овқат, энергетика ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Афғонистонда юзага келаётган вазият муҳокама қилиниб, афғон халқига гуманитар ёрдамни кенгайтириш, жаҳон ҳамжамиятининг бу мамлакатга нисбатан умумий стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Учрашув якунида 2026-2030 йилларда Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича БМТ билан ҳамкорликнинг ҳадли дастурини биргаликда ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилди.
Маълумот учун, БМТ билан 140 та қўшма дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2025 йилда Самарқандда UNESCO'нинг 43-бош конференцияси бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ Бош котиби Ўзбекистонга келгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Гутерриш Юқори Чирчиқ туманидаги қуёш фотоэлектр станцияси фаолияти билан танишди.