Мирзиёев БАА вице-президенти билан ҳам учрашди
Жамият
−
15 Январь
855Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 15 январь куни Абу-Даби шаҳрига ташрифи доирасида Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, суҳбатда кўп қиррали ҳамкорлик ва устувор йўналишлардаги амалий шерикликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
"Бугун Ўзбекистон-БАА муносабатларини стратегик шериклик даражасига олиб чиққан олий даражадаги тарихий музокаралар якунлари мамнуният билан қайд этилди. Куни кеча Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи компания ва холдинглари раҳбарлари билан эришилган келишувлар тўлиқ амалга оширилиши қўллаб-қувватланди", дейилади хабарда.
Учрашувда, шунингдек, ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажмини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Уй-жой ва транспорт инфратузилмаси, энергетика, тоғ-кон саноати, шаҳарсозлик, рақамлаштириш ва бошқа соҳаларни ривожлантириш бўйича кооперация лойиҳаларини илгари суриш муҳимлиги қайд этилган.
Сунъий интеллект борасида, шу жумладан соҳа мутахассисларини тайёрлаш бўйича қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш истиқболли йўналиш сифатида белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 январь куни расмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларига етиб борганди. Абу-Даби халқаро аэропортида давлат раҳбарини Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён ва бошқа расмий шахслар кутиб олди. Эртаси куни Президент Бирлашган Араб Амирликлари пойтахтида ўтаётган “Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги” саммитида нутқ сўзлади. Бунгача у барқарор ривожланиш бўйича Шайх Зоид Ол Наҳаён номидаги нуфузли мукофотнинг "Глобал ўрта мактаблар" номинациясида ғолиб деб топилган Тошкент шаҳридаги Президент мактаби вакиллари билан учрашиб, уларни ғалаба билан қизғин табриклади.
14 январь куни Мирзиёев Абу-Даби шаҳрига ташрифнинг ишбилармонлик тадбирлари доирасида Бирлашган Араб Амирликлари Сунъий интеллект вазири Умар бин Султон ал-Олама, Бирлашган Араб Амирликлари инвестициялар вазири, “ADQ” холдинги бош ижрочи директори Муҳаммад Ҳасан ал-Сувайдий бошчилигидаги ушбу мамлакат етакчи компаниялари делегацияси билан учрашувлар ўтказганди.
Бугун, 15 январь куни Абу-Даби шаҳридаги "Қаср аш-Шати" қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён тор доирада ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказди. Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларация имзоланди.
LiveБарчаси
Исроил ва ҲАМАС келишувга эришди.
15 Январь
Эрон Президенти Марказий Осиёга келди.
15 Январь