Мирзиёев Андижонда энергия масаласида йиғилиш ўтказди
Жамият
−
01 Февраль 2023
8782Ижтимоий объектларда қуёш энергиясидан фойдаланиш учун алоҳида компания ташкил этилади. Унга 200 миллион доллар маблағ берилади. Бу ҳақда бугун, 1 февраль куни Андижон вилоятида Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида бўлиб ўтган қайта тикланувчи энергия манбаларини оммалаштириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чораларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида электрга талаб 40 фоизга кўпайган.
“Бундай шароитида энг тўғри ечим қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис, йиғилишда қуёш ва шамол станциялари лойиҳаларига эътибор қаратилди.
“Бу йил Поп ва Фарғона туманларида 600 мегаваттли 2 та қуёш станцияси қурилиши режалаштирилган. Андижонда 41 та, Наманганда 32 та ва Фарғонада 27 та микро гидроэлектр станция қуриш имконияти бор”, дея таъкидлаган Президент.
Шунингдек, давлат раҳбари йиғилишда йирик корхоналарда ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, умуман, уларни электр билан ўзини ўзи таъминлашга ўтказиш кераклигини қўшимча қилди.
“Ижтимоий объектларда қуёш энергиясидан фойдаланиш учун алоҳида компания ташкил этилади. Унга 200 миллион доллар маблағ берилади. Компания қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмаларини ўзи ўрнатади ҳамда бюджет корхонасига “яшил энергия” сотади. Шунингдек, ижтимоий объектлардаги 3 мингта эскирган қозонларни замонавий ускунага алмаштириш зарурлиги қайд этилди”, дейилади ҳабарда.
Мажлис якунида эса энергия ресурсларини иқтисод қилиш чоралари кўрсатилиб, аҳолининг қуёш энергиясидан фойдаланиши учун жозибадор тизим яратиш вазифаси қўйилди.