Мирзиёев Амударё устида қурилган кўприкни очиб берди (видео)
Жамият
−
29 Февраль
30926Бугун, 29 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Амударё устидан ўтувчи темирйўл ва автомобиль йўли қўшма кўпригини очиб берди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қўшма кўприкнинг очилиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этган. Рамзий лента қирқилгач, давлат раҳбари жамоатчилик фаоллари билан биргаликда дастлаб поездда, шундан сўнг автомобилда юриб, кўприк сифатини кўздан кечирган.
Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси билан Хоразм вилоятини боғлайдиган ушбу кўприк орқали энг яқин темирйўл ва автомобиль йўли қатнови йўлга қўйилади. Жумладан, автомобиль орқали 2 соат, темирйўл орқали 6 соат вақт тежалади.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур кўприкни қуриш ҳақидаги ташаббусни Шавкат Мирзиёев 2020 йил 13 декабрь куни Хоразм вилояти фаоллари билан учрашувда илгари сурган. Шундан сўнг пухта лойиҳа ишлаб чиқилиб, катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилган. Давлат раҳбари унинг қурилишини икки бор келиб кўрган.
"Оролбўйи минтақасини, хусусан, Қорақалпоғистон Республикасини ривожлантириш, аввало, экологик инқироз оқибатларини юмшатиб, мураккаб вазиятда яшаётган аҳолимизга қулай шароитлар яратиш мамлакатимиз тараққиёт стратегиясининг бош мақсадларидан биридир. Илгари ҳам айтганимдек, Қорақалпоғистоннинг тақдири – бу Ўзбекистоннинг тақдири, қорақалпоқ халқининг бахти ва фаровонлиги – бу бутун Ўзбекистон халқининг бахти ва фаровонлигидир. Бугун мана шу эзгу мақсадни амалга ошириш йўлида яна бир улкан қадам қўймоқдамиз", деган Шавкат Мирзиёев.
Билдирилишича, кўприкнинг узунлиги 423 метр. У билан бирга Шовот-Қораўзак бекатларини боғлайдиган 85 километрлик темирйўл ҳамда 3 та вокзал ҳам барпо этилган.
"Биз биргаликда бунёд этган бу муҳташам кўприк шунчаки навбатдаги инфратузилма иншооти эмас. Бу кўприк аввало ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги мустаҳкам ишонч ва дўстлик, оғзибирлик ва ҳамкорлик кўпригидир. Бу йўл жаҳонга очилаётган Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистоннинг тараққиёт ва фаровонлик йўлларидир. Мана шу азим дарёнинг икки соҳилида, шундай ёруғ кунларни орзу қилиб яшаб келаётган минг-минглаб юртдошларимизнинг умидлари рўёбга чиққан тарихий кун барчамизга муборак бўлсин", дейди Президент.
Давлат раҳбари оғир иқлим шароитида меҳнат қилган моҳир қурувчиларга, лойиҳачи ва муҳандисларга, кўприкни барпо этишга муносиб ҳисса қўшган барча инсонларга миннатдорлик билдирган. Аҳолига қулайлик яратишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланган.
Маълумот учун, бугун Шавкат Мирзиёев Урганч шаҳрида Хоразм вилоятини ривожлантириш бўйича яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказиши режалаштирилган.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь